Комилжон Тўхтаев: “Гигант слаломдаги иштироким менга янада ишонч бермоқда”
Пекин-2022 қишки Олимпия ўйинларида иштирок этаётган ҳамюртимиз Комилжон Тўхтаев эртага слалом дастуридаги чиқиши билан мусобақадаги иштирокига якун ясайди. Бугун спортчимиз италиялик мураббийи Маттиа Жианесси билан сўнгги тайёргарликни олиб борди. Қуйида уларнинг эртанги старт олдидан фикрларини ҳавола қиламиз:
Маттиа Жианесси: “Гигант слаломдаги иштирокимиздан кўнглим тўлди. Олдимизга қўйган мақсадга етиша олдик. Албатта, европалик спортчилар билан бундай рақобат олиб боришнинг ўзи эмас. Эртага бўлиб ўтадиган слаломда ҳам энг яхши натижамизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз”.
Комилжон Тўхтаев: “Энг мураккаб давр ортда қолди. Асосийси биринчи дастурни муваффақиятли якунлаб олиш эди. Гигант слаломдаги иштироким менга янада ишонч бермоқда. Бу энергия менга слаломда бироз таваккаллик билан тезликни оширишга чорлаяпти. Насиб қилса, эртага ҳам кўнгилдагидек иштирок этиб, ушбу Олимпиададаги иштирокимга чиройли якун ясайман”.
Маълумот учун, ҳамюртимиз эртага Тошкент вақти билан соат 07:15 да биринчи стартини амалга оширишса, 10:45 да иккинчи бор трассага чиқади.