Сузувчиларимиз билан хориж йиғини олдидан учрашув
Сузиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Республика Олимпия захиралари коллежида навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини якунлади. Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов билан РОЗКга ташриф буюриб, терма жамоа вакиллари билан суҳбатлашди. Учрашувда Сув спорти турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби ва Ўзбекистон сузиш федерацияси мутасаддилари ҳам иштирок этишди.
МОҚ раҳбари даставвал спортчиларимизнинг режалари билан танишиб чиқиб, бу борада ўзининг кўрсатмаларини берди.
“Сузиш комплекс мусобақаларда алоҳида аҳамиятга эга спорт тури. Биз Сизларни ҳам катта турнирларда делегациямиз совриндорлари қаторида кўришни хоҳлаймиз. Бу йўлда қандай шароит керак бўлса, давлатимиз бошчилигида Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Қўмитамиз ёрдам беришга тайёр. Бунинг учун Сизлардан ўз устингизда ишлаб, катта меҳнат қилишингиз талаб этилади”, – деди МОҚ раҳбари.
Шунингдек, Рустам Шоабдураҳмонов спортчиларимиз, мураббийлар штаби билан бирма бир уларни қийнаётган масалалар ҳақида суҳбатлашди. Мураббийлар штабидан Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик циклида замонавий методикаларга кўпроқ аҳамият қаратишни сўради. Ўз навбатида, Шаҳрулло Маҳмудов ҳам кўп йиллик тажрибаси асосида керакли тавсияларини бериб ўтди.
Қайд этиш жоиз, эртага сузувчиларимиз Арманистоннинг Сахкадзор шаҳрига хорижий йиғинда иштирок этиш учун жўнаб кетади. Шунингдек, ҳозирда сихрон сузувчиларимиз Беларусдаги халқаро мусобақада иштирок этиш учун Минскга етиб борган бўлсалар, сувга сакраш бўйича жамоамиз Россиянинг Руза шаҳрида янги мавсумга тайёргарлик кўрмоқда.