Ўзбек футболининг профессори Рустам Акрамов вафот этди
Бугун эрта тонгда ўзбек футболи оғир жудоликка учради. Педагогика фанлари доктори, профессор Рустам Акрамов 73 ёшида оламдан кўз юмди.
Рустам Акрамович Акрамов 1948 йил 11 август куни Тошкент вилоятида дунёга келган. У киши фаолияти давомида ўзбек ва Собиқ Иттифоқ футболи ривожи учун улкан ҳисса қўшган мутахассис ҳисобланади. 1990-1992 йиллар орасида Жазоирнинг УСМ клуби ва миллий терма жамоасида фаолият олиб борган.
Рустам Акрамов Мустақилликка эришганимиздан сўнг футбол бўйича Миллий терма жамоамизни бошқарган биринчи мураббий ҳисобланади. 1992-1994 йиллар терма жамоамиз у киши билан Марказий Осиё чемпионати ва 1994 йил Хиросимада ўтган Осиё ўйинларида ғалаба қозонган.
Рустам Акрамович 1995-1997 йиллар Ҳиндистон терма жамоасини бошқарди. Ушбу давлатдаги 2 йиллик фаолияти давомида асосий терма жамоа билан бир қаторда болалар футболини ривожлантириш тизимини шакллантирди. Кейинчалик ОФК техник директори ва ФИФА инструктори бўлиб фаолият олиб борди.
Ўзбек футболи ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун давлатимиз томонидан “Шуҳрат” медали ҳамда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони билан тақдирланган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши Рустам Акрамовнинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига сабр тилаб қолади. Ўтганларнинг охирати обод бўлсин.