Ру En O'z
14 Февраль 2022 3054

Енгил атлетикачиларимиз РСТИАМ шифокорларининг текширувидан ўтишди

Бугун Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси спортчилари тиббий текширувдан ўтишди. Даставвал атлетларимиздан қон таҳлиллари олинди. Шундан сўнг спортчиларимиз бирма бир Марказнинг тор доирадаги мутахассислари кўригида бўлишди.

Ушбу босқич якунига етгач, атлетларимиз билан инструментал текширув ўтказилди. Унда ички органлар, юрак-қон томир тизимларининг фаолияти кўздан кечирилди. Якунда барча йўналишлар бўйича олинган таҳлиллар жавоби эълон қилиниши кўзда тутилган.

Марказ бўлим бошлиғи, тажрибали травматолог Суннатилла Йўлчиев, шунингдек, бошқа тор доирадаги мутахассислар енгил атлетикачиларимизнинг қандай кўрикдан ўтиши, фаолиятлари ҳақида қисқача маълумот беришди:

“Париж-2024 Олимпия ўйинлари циклига тайёргарлик кўраётган спортчиларимиз орасида енгил атлетика бўйича терма жамоамиз вакиллари 25 нафарни ташкил этади. Улардан 13 нафари бугунги текширувда иштирок этишди. Қолган 12 нафари айни кунларда Тошкент вилоятининг Янгиобод ўқув-машғулот базасида бўлиб тургани учун кейинроқ кўрикдан ўтиши белгиланган.

“Спортчиларни кўрикдан ўтказаётганда шикоятларини эшитамиз, таҳлил натижалари билан уларни бирлаштирамиз. Умумий аҳволлари кўрилгач, барча йўналишларни инобатга олган ҳолда керакли тавсияларни берамиз”, – дейди марказ шифокорларидан бири.

“Биз атлетларимиздаги неврологик статусларни текширамиз. Бу улардаги бош ва орқа мия функцияларининг фаолияти ҳақида маълумот олиш дегани. Миянинг барча тузилмаларидаги ҳолатини ушбу кўрик орқали баҳолаймиз. Нормадан чекланиш кўрсак ёки спортчининг ўзидан шикоят эшитсак, янада чуқурлаштирилган керакли текширувга йўналтирамиз”, – дея марказ невропатологи ўз фаолияти ҳақида гапириб ўтди.

Text to speech