Ру En O'z
12 Февраль 2022 1306

МОҚ раҳбари камондан отиш федерация масъулларига эътирозини билдирди

Шу кунларда камондан отиш бўйича терма жамоамиз вакиллари Самарқандда навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда. Бугун МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов терма жамоамиз билан онлайн боғланиб, улар билан суҳбатлашди.

Қайд этиш жоиз, жамоамиз ушбу йил ҳисобидан энди шифокор кўригида йиғин бошлади. Суҳбат давомида мураббийлар қаратилаётган бундай эътибордан мамнун эканликларини билдиришди.

“Ҳар куни дастур асосида режа билан машғулот олиб боряпмиз. Ҳозир спортчиларимиз кунига 400-450 тадан ўқ отишади. Техник тайёргарлик билан бирга умумий жисмоний ҳолатга ҳам эътибор қаратганмиз”, – деди жамоа мураббийи Владимер Леквеишвили.

Суҳбат давомида МОҚ раҳбари спортчиларимизга бериладиган тиббий таъминотни кучайтириш, уларни тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтказиш бўйича кўрсатма берди. Шунингдек, у спортчиларимиз билан суҳбатлашар экан, баъзилари таҳсил олаётган олий таълим муассасаларидан расмий равишда йиғинга рухсат олинмагани учун муаммолар пайдо бўлаётганини айтишди. Бунга жавобан МОҚ раҳбари ўз вазифаларини бажармасдан, атлетларни йиғинга жалб қилгани учун масъулларга жиддий эътироз билдирди.

“Ҳукуматимиз бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган экан, федерация мутасаддилари билан керакли шароитларни яратиб беришимиз керак. Спортчи ва мураббийларимиз йиғинда хотиржам машғулот олиб боришлари лозим. Ана шунда натижага эриша оламиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Таъкидлаш жоиз, ушбу йиғин 13-19 март кунлари Таиланднинг Пхукет шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё кубоги олдидан муҳим тайёргарлик босқичи бўлиб хизмат қилади.

Text to speech