Замонавий бешкурашчиларимиз Минск йиғинига жўнаб кетишди
Бугун замонавий бешкураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси халқаро ўқув-машғулот йиғинини олиб бориш учун Беларусь пойтахтига йўл олди. Ушбу йиғин олдинда турган йирик мусобақалар олдидан муҳим тайёргарлик бўлиб хизмат қилади.
Ушбу йиғин давомида спортчиларимиз Беларусь ва бошқа давлатлардан ташриф буюрадиган замонавий бешкурашчилар билан машғулот олиб бориш орқали улкан тажриба тўплашлари кўзда тутилган. Шунингдек, йиғин доирасида спортчиларимиз 25-27 февраль кунлари халқаро мусобақада ҳам ўз омадларини синаб кўришади.
Ушбу йиғин Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш йўлида ташкил этилмоқда. Спортчиларимизнинг Минскдаги машғулоти 3 мартгача давом этади.
Айни пайтда спортчиларимиз Минск шаҳрига етиб боришган ва эртадан дастлабки машғулотларни бошлашади.