Ру En O'z
10 Февраль 2022 2435

Дзюдочиларимиз ўз юртимиздаги ЖЧга кучли режа асосида тайёрланишмоқда

Жорий йил дзюдочиларимиз олдида ҳам улкан мусобақалар бор. Жамоамизни Осиё ўйинлари, Гран-При ва “Катта дубулға” турнирларидан ташқари октябрь ойида Тошкентда ўтадиган жаҳон чемпионати кутмоқда. Шубҳасиз, уларга муносиб тайёргарлик кўриш федерация ва мураббийлар штаби олдидаги асосий вазифа. Бугун МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов Ўзбекистон дзюдо федерациясига ташрифи давомида ушбу масалалар қатори Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича суҳбат ўтказди. Унда МОҚ раисининг ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, Илиас Илиадис бошчилигидаги мураббийлар штаби ва спортчиларимиз, шифокорлар иштирок этишди.

Суҳбатда МОҚ раҳбари терма жамоамизни якунига етган Париж "Катта дубулға" турнирида қўлга киритилган 3 та бронза медали билан қутлади ва олдинда турган муҳим стартга пухта тайёргарлик кўриш бўйича ўз фикрларини билдирди.

“Тайёргарлик жараёнида машғулотлар, озиқ-овқат, тиббий таъминот яхши бўлиши мумкин. Лекин мусобақада уларни мужассамлаштира олмасак, натижа бўлмас экан. Олимпиадада Япония терма жамоасининг иштирокини кўрдик. Улардаги тизимни ўзимизда ҳам амалга татбиқ қилишимиз керак. Бунинг учун давлатимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилмоқда, Президентимиз қўллаб-қувватламоқда. Қолган ҳаммаси ўзимизга боғлиқ факторлар. Бу йил бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатини юртимизга олиб келиш катта иш. Бу Сизларга ўзингизни кўрсатиш учун, яқинларимиз кўз олдида юксак натижаларга эришиш учун ажойиб имконият”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Ўз навбатида, Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан стратегик ривожланиш бўйича катта ишлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Куни кеча якунига етган Париж “Катта дубулға” турнирига Азизжон Камилов ҳам ташриф буюриб, сафар давомида Франция дзюдо федерацияси билан ҳамкорлик меморандумини имзолади. Боиси, айнан ушбу жамоа Токио-2020 Олимпиадасида 2 та олтин, 3 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритиб, японлардан кейин умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритган.

Йиғилиш давомида мураббийлар 2-3 та жамоани шакллантириб, улар Халқаро дзюдо федерацияси тақвим режасидан ўрин олган мусобақаларга олиб борилиши, шу орқали жорий йилнинг ўзида оптимал таркиб деярли саралаб олинишини маълум қилишди. МОҚ раҳбари бунга қўшимча сифатида спорт методикаси ва тиббиёти бўйича жаҳон тажрибасини ўрганиб бориш бўйича кўрсатма берди.

Text to speech