Ру En O'z
9 Февраль 2022 2442

Рустам Шоабдураҳмонов таэквондочиларимизнинг тайёргарлик режалари билан танишди

МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмоновнинг терма жамоаларимиз базаларига амалга ошираётган ташрифи давом этади. Бу гал Миллий Олимпия қўмитаси раҳбари Ўзбекистон таэквондо WT ассоциациясида бўлди.

Хабарингиз бор, БААнинг Фужайра шаҳрида бўлиб ўтган G2 тоифасидаги халқаро мусобақада терма жамоамиз муваффақиятли иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритиб қайтди. Дастлаб таэквондочиларимизнинг машғулотини кузатган МОҚ раҳбари қўлга киритилган ғалаба билан уларни қутлаб, келгуси мусобақаларда ҳам омад тилаб қолди. Шундан сўнг ассоциация мутасаддилари ва мураббийлар штаби билан учрашув бўлиб ўтди.

“Ассоциацияда узоқ йиллик тажрибага эга кучли жамоа шаклланган. Раис Шерзод Ташматовнинг режалари билан Олимпия ўйинларида олтин медаль олишга эришдик. Бироқ бу билан тўхтаб қолмаслигимиз керак. Бутун дунё спортида катта рақобат кетаётганига гувоҳмиз. Ҳар бир спортчининг саломатлиги биз учун аҳамиятли. Қўмитамиз қошидаги РСТИАМ мутасаддилари билан барча спортчиларимизнинг саломатлигини жиддий назоратга олиш бўйича йиғилиш ўтказдик. Ўйлаймизки, бундай ҳаракатлар тез орада ўз самарасини беради. Давлатимиз қўллаб-қувватлар экан, тизимли режа ва темир интизом билан ҳар қандай маррага эриша оламиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Суҳбат давомида ҳар бир вазн тоифасидаги таэквондочиларимизнинг жорий йил Ханчжоуда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига тайёргарлик режалари батафсил кўриб чиқилди. Бу борада МОҚ раҳбари асосий таркиб билан бирга кучли захира спортчиларини тайёрлаш, олиб борилаётган тиббий-биологик таъминотни янада кучайтириш бўйича ўз кўрсатмаларини бериб ўтди.

Text to speech