Ру En O'z
8 Февраль 2022 3032

Ҳар бир спортчимизнинг саломатлиги назоратда бўлади

Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов Қўмита қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий маркази раҳбарияти билан қатор масалалар бўйича учрашув ўтказди. Унда Абдушукур Садиков бошчилигидаги Марказ шифокорлари ва МОҚ мутасаддилари қатнашишди.

Йиғилишда биринчи масала Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмалари сари саралаб олинган 409 нафар спортчининг саломатлигини назорат қилишни йўлга қўйиш бўлди. Бунинг учун Марказ шифокорлари федерациялар кесимида тақсимланишига келишиб олинди. Бу орқали ҳар бир атлетимизнинг саломатлиги мунтазам равишда назоратда бўлиши кўзланган.

Шунингдек, суҳбат давомида Марказ шифокорларининг малакасини янада ошириш мавзусига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Бунинг учун қатор хорижлик тажрибали мутахассисларни жалб этиш орқали шифокорларимиз учун турли маҳорат сабоқлари ташкил этиш таклифи илгари сурилди.

Ўз навбатида, МОҚ раҳбари спортчиларимизнинг келажакдаги ғалабаларида шифокорларимизнинг ўрни катта эканини алоҳида таъкидлади ва терма жамоаларимизнинг тиббий-биологик таъминотини яхшилаш, уларни тизимли равишда тор доирадаги шифокорлар назоратидан ўтказиб бориш ишларини жадаллаштириш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.

Text to speech