Ру En O'z
8 Февраль 2022 1390

МОҚ раҳбари юнон-рум курашчиларимизнинг машғулотини кузатди

Айни пайтда юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси “Динамо” спорт базасида ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда. Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабига ташриф буюриб, спортчиларимиз билан суҳбатлашди. Учрашувда Шуҳрат Мамадалиев бошчилигидаги Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси мутасаддилари, терма жамоамиз мураббийлари ҳам иштирок этишди.

Равшан Рўзиқулов бошчилигидаги жамоамиз олдида бу йил ҳам катта масъулият турибди. Айниқса, Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинлари, Белградда ўтадиган жаҳон чемпионатига муносиб тайёргарлик кўриш жамоа олдидаги асосий вазифа. Рустам Шоабдураҳмонов учрашувда бунга алоҳида аҳамият қаратди.

Қайд этиш жоиз, ушбу йиғинда Рио-2016 Олимпия ўйинлари совриндори, кўп карра Осиё чемпиони Элмурат Тасмурадов мураббий сифатида ўзининг илк қадамларини ташламоқда. Ёш спортчиларнинг эса тажрибали атлетдан ўрганадиган жиҳатлари кўп. Учрашув давомида МОҚ раҳбари ҳар бир спортчимиз билан алоҳида суҳбатлашиб, уларнинг ижтимоий муаммолари, саломатлиги ҳақида сўради.

Йиғилиш якунида Рустам Шоабдураҳмонов ҳукуматимиз атлетларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани, мусобақаларга тайёргарлик доирасида барча шароитлар яратиб берилишини таъкидлади.

Text to speech