Париж-2024 Олимпиадасига тайёргарлик доирасида гандбол, волейбол, баксетбол, чим устида хоккей, регби, трамполин ва теннис спорт турлари бўйича учрашув ўтказилди
ZOOM платформасида Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида муносиб иштирок этиш ва Париж-2024 Олимпиадасига лицензияларни қўлга киритиш масалаларига бағишланган онлайн йиғилиш бўлиб ўтди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Туризм ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Олий спорт маҳорати мактаби раҳбарияти, айрим федерациялар вакиллари қатнашди. Онлайн конференцияга асосан, Париж-2024 Олимпиадасига лицензия олиши сўроқ остида турган федерациялар таклиф этилди. Йиғилишни Шаҳрулло Маҳмудов олиб борди ва иштирокчилардан терма жамоалар билан ишлашни янада кучайтиришни сўради. Қолаверса, спортчиларимиз учун яратилган шароитларни яхшилаш кун тартибининг асосий масалаларидан бирига айланди.
Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига тайёргарлик муҳокамаси иккига бўлинди. Дастлаб ноолимпия, сўнг Олимпия турлари кесимида батафсил мулоқот қилинди. Мутасаддилар ҳукуматимиз терма жамоаларимизнинг тайёргарлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини, федерациялар бунга юқори натижалар билан жавоб беришларини алоҳида айтиб ўтишди. Жумладан, Шаҳрулло Маҳмудовнинг маълум қилишича, Осиё ўйинларига тайёргарлик доирасида ноолимпия спорт турларини молиялаштириш тўлик Туризм ва спорт вазирлиги томонидан амалга оширилади.
“Жамоавий спорт турларида йигитларимизнинг нималарга қодир эканлигини кўрсатишимиз керак. Бунинг учун Осиё ўйинлари жуда қулай имконият. Урғуни шу мусобақага берамиз. Авваллари мусобақага борганимизда таъбир жоиз бўлса, спортчиларимизга тўп тегмаган ўйинлар ҳам бўлган. Ҳозир кўплаб терма жамоаларимиз ўсиб, жаҳон даражасига чиқди”, – деди Ш.Маҳмудов.
Йиғилишда гандболчиларимизнинг режаси биринчилардан кўриб чиқилди. Тўғри, гандбол ўйин спорт турлари орасида маълум натижаларга эга. Аёллар терма жамоамиз жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этди. Аммо федерация бош котиби суҳбат давомида ҳозирча Париж Олимпия ўйинларига йўлланма олиш масаласи очиқ тургани, бор имконият Лос-Анжелес-2028 Олимпиадасига қаратилишини таъкидлаб ўтди.
Теннис мисолида федерация бош котиби Ирода Тўлаганова Осиё ўйинларида иккита медаль учун (яккалик ва жуфтлик баҳсларида) кураш олиб борилишини таъкидлади. Бироқ Парижга йўлланма қўлга киритиш масаласи мавҳумлигича қолмоқда. 2028 йилги Лос-Анжелес Олимпиадасига эса лицензия олишни ваъда қилди.
Чим устида хоккей бўйича Осиё ўйинлари олдидан квалификацион мусобақа ўтказилади. Май ойида бўлиб ўтадиган мазкур турнирда терма жамоамиз қатнашади ва уларнинг ҳали Осиё ўйинларида иштирок этиши сўроқ остида турибди. Шу боис мазкур федерациядан ҳам бор умид Лос-Анжелес Олимпиадасига қаратилган.
Волейбол федерацияси бош котиби Ҳусан Насруллаев терма жамоа Парижга лицензия олиши жуда мураккаб эканини айтиб ўтди. Боиси терма жамоа узоқ муддатли танаффусдан сўнг энди рейтинг мусобақаларида иштирок этмоқда. Лицензион характердаги турнирлар учун эса юқори рейтинг поғонаси талаб этилади. Аммо федерация бош котиби терма жамоамизнинг Осиё ўйинларида кучли саккизталикка киришига ваъда берди.
Ундан ташқари, баскетбол ҳам сўроқ остида тургани маълум қилинди. Шунинг учун, бу терма жамоаларга бор куч ва эътиборни Осиё ўйинларига қаратиш кераклиги таъкидланди. Конференцияда регби, баскетболнинг 3х3 дастури, трамполин каби каби турларда федерация мутасаддилари ҳам реал кўз билан қараганда Париж-2024 йўлланмаларини қўлга киритиш имконияти йўқлигини таъкидлашди.
Осиё ўйинларида, шубҳасиз, футбол терма жамоасига чемпионлик вазифасини қўйилган. Бироқ бошқа жамоавий спорт турлари: чим устида хоккей, волейбол, гандбол, баскетбол каби турларда гуруҳдан чиқиш ҳам яхши натижа бўлишини, Янги Ўзбекистон спортчилари янги йўналишларда, айниқса, жамоавий ўйин дастурларида ҳам медаллар тақдим этиши, ўзини ҳар томонлама кўрсатиши кераклигини Шаҳрулло Маҳмудов таъкидлаб ўтди. Йиғилиш давомида Рустам Шоабдураҳмонов Миллий Олимпия қўмитаси ҳам тайёргарлик доирасида барча ёрдамни кўрсатишга тайёр экани, бу йўлда ҳамкасблардан темир интизом ва пухта тизим асосида ишлаш зарурлигини сўради.
Режалар ўз йўлига, аммо юртбошимиз навбатдаги Олимпия ўйинларида нафақат яккакураш турлари, балки жамоавий турларда ҳам лицензиялар қўлга киритиш вазифасини қўйганлар. Шундай экан, футбол, гандбол, волейбол, баскетбол, чим устида хоккей, регби федерациялари бу ҳақида жиддий бош қотириши керак. Мутасаддилар суҳбат давомида ҳозирданоқ аниқ ва муайян режалар ишлаб чиқилиши, тайёргарлик стратегиясини тубдан ўзгартириш кераклиги, яқин йиллар ичида ўйин спорт турларида ҳам Ўзбекистонга лицензиялар тақдим қилиниши лозимлигини таъкидлашди.