Ру En O'z
5 Февраль 2022 1478

Замонавий бешкурашчиларимиз йирик мусобақаларга алоҳида режа асосида тайёрланишмоқда

Ўзбекистон МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган федерацияларимизнинг режаси билан танишишда давом этади. Унинг навбатдаги манзили Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси бўлди.

Учрашувда Баҳромжон Газиев бошчилигидаги федерация мутасаддилари, спортчи ва мураббийлар, МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори Абдушукур Садиков иштирок этишди. Даставвал МОҚ раиси ёш спортчиларимиз билан танишиб, уларнинг мақсадлари ҳақида суҳбатлашди.

“Биз бир жамоамиз. Туризм ва спорт вазирлиги, Қўмитамиз, Олий спорт маҳорати мактаби Сизларнинг ёрдамчингизмиз. Олдингизга катта мақсад қўйинг ва уни амалга ошириш орқали давлатимиз ва ўзингизни дунёга танитинг. Президентимиз Сиз ёшлар учун барча шароитларни яратиб бермоқдалар. Ҳар куни ўз олдингизга қўйган мақсад сари кичик қадамлар ташлаб боринг”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Федерация мутасаддилари икки йирик мусобақаларга тайёрланишда Александр Савкин ҳамда Алисэ Фахрутдинова жуфтлиги, шунингдек, ёшларимиз учун алоҳида режа ишлаб чиқилгани ҳақида батафсил маълумот беришди. Шунингдек, МОҚ раиси томонидан вилоятларда иқтидорли ёшларни селекция қилиш, ўқув-машғулот йиғинларини узликсиз олиб бориш, ёшларнинг маънавиятини юксалтириш учун уларга турли маданий тадбирлар ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Суҳбатда мураббийлар билан ёш спортчилар учун ишлаб чиқилган режалар, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, тиббий-биологик таъминоти масаласи юзасидан ҳам ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Text to speech