Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ўзбекистон волейбол федерациясига раис этиб сайланди
Миллий Олимпия қўмитасида Ўзбекистон волейбол федерациясининг навбатдан ташқари Конференцияси бўлиб ўтди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, федерациянинг ҳудудий бўлимларидан делегатлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Конференцияни федерация бош котиби Ҳусан Насруллаев олиб борди. Кун тартибидан асосан битта масала, Ўзбекистон волейбол федерациясига янги раис сайлаш ўрин олган бўлиб, ушбу лавозимга Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Ҳамидович Тошқулов номзоди тавсия қилинди.
Бу бежиз эмас, негаки ҳозирда волейбол бўйича эркаклар ва аёллар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида 10 дан ортиқ олий таълим муассасаларининг жамоалари иштирок этишмоқда. Қолаверса, «Ўзтелеком», АГМК каби етакчи жамоалар таркибида фаолият олиб бораётган волейболчиларнинг ҳам кўпчилигини талабалар ташкил қилишади.
Муҳим жиҳатлардан яна бири, юртимизда айни вақтда 159 та олий таълим муассасаси мавжуд бўлса, уларнинг аксари волейбол спорт турини ривожлантириш учун етарли инфратузилмага эга. Ва энг муҳим фактор, Абдуқодир Тошқулов волейболнинг ашаддий мухлиси саналади. Конференция иштирокчилари бир овоздан А.Тошқулов номзодини федерация раислигига маъқуллашди ва сайлашди.
Йиғилишда сўзга чиққан Р.Шоабдураҳмонов, Ш.Маҳмудов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Б.Махситов ва бошқалар жорий йилда мамлакатимиз волейболчиларини бир қатор нуфузли мусобақалар кутиб турганлигини таъкидлаб, ушбу мусобақаларга ҳозирдан жиддий тайёргарлик бошлаш кераклиги, бунинг учун федерацияга барча шароитлар яратиб берилаётганлигини айтиб ўтишди ҳамда бу йўлда федерациянинг янги раисига омад тилашди.
Ўз навбатида Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси Абдуқодир Тошқулов билдирилган юксак ишонч учун барчага миннатдорлик билдириб, мамлакатимизда волейболни энг севимли спорт турларидан бирига айлантириш учун астойдил ҳаракат қилишини билдирди.
Шунинг билан Ўзбекистон волейбол федерациясининг навбатдан ташқари Конференцияси ўз ишини якунлади.