Равшан Ирматов Янциндаги Олимпия шаҳарчасида делегациямиз офисига ташриф буюрди
МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов Пекин-2022 қишки Олимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон делегацияси истиқомат қилаётган Янцин шаҳрига келиб, у ердаги шароитлар билан танишди. Ташриф давомида Равшан Сайфуддинович спортчимиз Комилжон Тўхтаев билан тайёргарлик жараёни ҳақида суҳбатлашди.
“Сизга барча ҳамюртларимиз кўз тиккан ва катта натижа кутишмоқда. Қўшимча яна қандайдир шароитлар керак бўлса, барчасини яратиб беришга тайёрмиз. Бундай имконият ҳар доим ҳам бўлавермайди. Ўзингизнинг бор кучингизни ишга солиб, миллионлаб ватандошларимизга қувонч улашишингизни тилаб қоламиз. Қолаверса, Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги Қўмитамизнинг аҳил жамоаси ҳам Сизга илиқ тилакларини йўллашди”, – деди Равшан Ирматов.
Суҳбат давомида МОҚ раисининг биринчи ўринбосари делегациямиз офисидаги шароитлар, ажратилган хоналар билан яқиндан танишиб, ўз тавсияларини бериб ўтди.
Яна бир оздан сўнг, Равшан Ирматов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Пекин-2022 қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиш учун марказий аренага йўл олади.