Андижонлик от спорти мухлислари учун катта байрам
Вилоятда йилқичилик ва от спорти шинавандалари учун икки ажойиб база бунёд этилди. Улардан бири Андижон шаҳрида фойдаланишга топширилган “King Horse” клуби бўлса, иккинчиси “Чавандозлар мактаби” базаси.
“King Horse” клуби хусусий мақомга эга бўлиб, кўплаб замонавий шароитларга эга. “Чавандозлар мактаби” эса Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қошида ташкил этилди. Ушбу маскан ҳам бир вақтнинг ўзида кўплаб наслдор отларни парваришлаш ва уларни мусобақаларга тайёрлаш йўлида хизмат қилади.
Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Газиев ва федерация бош котиби Нодирбек Ибрагимов Андижон вилоятига сафар уюштириб, мазкур объектлардаги шароитлар билан яқиндан танишдилар. Қолаверса, мусобақага тайёргарлик даражасини кўздан кечириш жараёнида ўзларининг керакли тавсияларини бериб ўтишди.
Мутасаддилар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Андижон вилояти бошқарма бошлиғи, полковник А.Ортиқов билан биргаликда “Чавандозлар мактаби”ни ҳам кўздан кечириб, унинг фаолиятини янада ривожлантириш бўйича керакли тавсиялар беришди.