Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Шаҳрулло Маҳмудовни янги лавозимга тайинлангани билан қутлайди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига кўра, мамлакат оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Осиё оғир атлетика федерацияси вице-президенти, Халқаро оғир атлетика федерацияси ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ижроия қўмитаси аъзоси Шаҳрулло Шарипович Маҳмудов Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда кучли оғир атлетика мактабининг шаклланиши, атлетларимизнинг Рио-2016 ва Токио-2020 Олимпия ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларидаги ғалабаларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Шаҳрулло Шариповичнинг кўплаб жаҳон ва Олимпия рекордчиларини тарбиялашда улкан ҳиссаси бор. Келажакда Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, профессионал спортчиларни камолга етказиш, нуфузли спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирокини таъминлаш, мамлакатимиз Олимпиячиларининг қитъа ва Олимпия ўйинларидаги ғалабалари орқали Ўзбекистоннинг спортдаги обрў-эътиборини юксалтиришдаги кенг қамровли мураккаб ва шарафли вазифасида у кишига ҳамиша омад ва зафарлар ёр бўлишини тилаймиз.
Маълумот учун, Шаҳрулло Шарипович Маҳмудов 1970 йил 13 сентябрда Бухоро вилоятида туғилган. 1992 йилда Бухоро давлат педагогика институтини “Жисмоний тарбия ўқитувчиси” йўналишида тамомлаган. 2013 йилдан буён Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаяпти. Ш.Маҳмудов эришган ютуқлари учун 2002 йил “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони, 2016 йил “Меҳнат шуҳрати”, 2021 йил I даражали "Соғлом авлод учун" орденлари билан тақдирланган.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Шаҳрулло Маҳмудовни масъулиятли лавозимга тайинлангани билан яна бир бор муборакбод этиб, унинг келгуси фаолиятида улкан зафарлар тилайди.