Ру En O'z
3 Февраль 2022 2505

МОҚ раиси ўқ отиш спорти базасига ташриф буюрди

Ҳозирда ўқ отиш спорти бўйича терма жамоамиз аъзолари ҳам янги мавсумга қизғин тайёргарлик олиб бормоқда. Бугун МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов федерация базасига ташриф буюриб, у ердаги вазият билан яқиндан танишди.

Рустам Шоабдураҳмонов даставвал спортчилар билан учрашиб, улар билан яратилган шароитлар ҳақида суҳбатлашди. Шундан сўнг Олий спорт маҳорати мактаби, федерация мутасаддилари, тренерлар билан режалар муҳокама қилинди.

“Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига ҳам оз вақт қолди. Биз бир жамоамиз. Мусобақага муносиб тайёргарлик йўлида нима шароит керак бўлса, қайсидир мусобақада иштирок этиш режалаштирилган бўлса, биз ёрдам берамиз. Давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши билан олдимизга қўйилган барча маррага ета оламиз. Кўплаб федерацияларга борганимизда, мураббийларнинг иш режаси йўқлиги, ўз олдиларига қандай мақсад қўйгани ва унга қай тарзда кетаётганларини кўрсатиб турадиган бирор расмий ҳужжат йўқ эди. Бу ерда эса бари акс этган. Жамоангизнинг бундай эътибор билан ишлаётганларидан мамнунмиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Йиғилишда асосий эътибор федерация моддий-техник базасини яхшилашга қаратилди. Суҳбат давомида Олий спорт маҳорати мактаби мутасаддиларидан мураббийларга керакли шароитларни яратиб бериш, иш жойларини ташкил қилиш, хоналарни керакли материаллар билан жиҳозлаш сўралди.

Text to speech