МОҚ раиси велоспортчиларимизнинг янги режалари билан яқиндан танишди
2022 йил велоспортчиларимиз учун катта ижобий ўзгаришлар билан бошланди. Жорий йилдан эътиборан ушбу спорт турида 3 та профессионал жамоамиз халқаро майдонда иштирок этади. Шунингдек, уларни олдинда Осиё чемпионати ва ўйинлари, жаҳон чемпионати каби йирик турнирлар кутиб турибди. Бугун Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги МОҚ мутасаддилари велоспортчиларимизнинг яқин режалари билан танишишди.
ZOOM платформасида ўтган учрашувда Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, МОҚ раиси маслаҳатчиси Алишер Каримов, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси бош котиби Козим Ўринбойхўжаев иштирок этди.
Козим Ўринбойхўжаев ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан ташкил этилган клубларнинг тез фурсатда ижобий натижа берганини алоҳида таъкидлаб, ушбу тизимни янада такомиллаштириш бўйича ўз фикрларини билдирди. Қайд этиш жоиз, куни кеча БААнинг Шаржа шаҳрида якунланган турнирда “Tashkent city professional cycling team” жамоаси вакили Алексей Фомовский ёшлар тоифасида ғолибликни қўлга киритган эди. Ўз навбатида, МОҚ раҳбари ушбу лойиҳа ҳақида ижобий фикрларини билдирди.
Маълумки, Токио-2020 Олимпия ўйинларида мазкур спортда 2 нафар вакилимиз лицензия қўлга киритган. Мақсад профессионал клублар фаолиятини такомиллаштириш орқали Париж-2024 Олимпиадасига ҳам шоссе, ҳам трек йўналишларида янада кўпроқ йўлланмаларга эга бўлиш. Бу йўлда Рустам Шоабдураҳмонов темир интизом билан тизимли ишлаш зарурлигини таъкидлади.