Ру En O'z
2 Февраль 2022 4992

7SABER брендининг экипировкалари хорижий ҳамкасбларимизда илиқ таассурот қолдирмоқда

Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегациясини ажойиб спорт кийимлари билан таъминлаган 7SABER компанияси билан ҳамкорлик давом этади. Бренд Пекин-2022 қишки Олимпия ўйинлари учун Ўзбекистон делегациясига тайёрлаган кийимларини тақдим қилди.

“Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига бизга ишонгани учун миннатдорчилигимизни билдирмоқчимиз. Кийимлар сифатли ва замонавий кўриниш олиши учун компаниямиз бор имкониятларини ишга солди. Токио-2020 Олимпиадаси учун тайёрлаган намуналаримиз кўплаб мухлисларимизда илиқ таассурот қолдирган эди. Умид қиламизки, бу гал ҳам биз уларнинг ишончини қозона олдик. Ёзги Олимпия ўйинлари вақтида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида экипировка учун давлат бюджетидан компаниямизга қанча пул ажратилгани ҳақидаги мавзу жуда кўп муҳокама қилинган эди. Расман маълум қилишим мумкинки, 7SABER бунинг учун ҳеч қандай пул олмаган. Гап шундаки, Ўзбекистонда ҳам худди дунёнинг кўплаб давлатларида бўлгани каби МОҚнинг расмий ҳамкорлари делегацияга бепул хизмат кўрсатади. Биласизми, Олимпия ўйинлари ҳақида гап кетганда пул ёки моддий манфаатдорлик катта аҳамият касб этмайди. 7SABER иккинчи бор мамлакатимиз Олимпия делегациясига ҳомийлик қилаётгани биз учун катта шараф. Ишонаманки, ушбу ҳамкорлигимиз узоқ давом этади”, – деди бренд асосчиси ва бош директори Ораз Абдуразаков.

Ушбу Олимпия ўйинларида Комилжон Тўхтаев тоғ чанғисининг слалом ва гигант слалом дастурларида юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Таъкидлаш жоиз, Пекин-2022 қишки Олимпиадасига етиб борган делегациямизнинг кийими кўплаб хорижий ҳамкасбларимизда илиқ таассурот қолдирмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳам ўзаро ҳамкорлик учун 7SABER брендига ўз миннатдорчилигини билдиради.

Text to speech