Ру En O'z
1 Февраль 2022 4036

“UzASBO” тизимида шаффофлик билан ишланмоқда

Маълумки, Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик доирасида терма жамоаларимизни молиялаштириш бўйича янгича тизим – “UzASBO” дастуридан фойдаланилмоқда. Молия вазирлиги билан ҳамкорликда йўлга қўйилган ушбу лойиҳа сарфланаётган харажатларнинг шаффофлигини таъминлаш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.

МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигида ушбу тизимда олиб борилаётган ишлар бўйича ZOOM платформасида онлайн йиғилиш ўтказилди. Унда Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Молия вазирлиги, спорт федерациялари ва ассоциациялари, Республика Олий спорт маҳорати мактаблари раҳбарияти иштирок этди. Унда қатор масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, Ханчжоу шаҳрида ўтадиган Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик, қолаверса, “UzASBO” тизимида олиб борилаётган ишларнинг шаффофлигини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда “UzASBO” тизими билан ишлашдаги бир қатор статистикалар алоҳида эътироф этилди. Таъкидланишича, 2022 йил 31 январ ҳолатига кўра Миллий Олимпия қўмитаси томонидан терма жамоаларга халқаро ва маҳаллий ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш учун жами 31 та буйруқ имзоланган ва Ғазначиликнинг “UzASBO” тизими орқали спорт федерацияларга 7,3 млрд.сўм йўналтирилган.

Суҳбат давомида Молия вазирлиги вакиллари тизим билан ишлашдаги қулайлик бўйича қўшимча фикрлар билдиришди. Қолаверса, федерацияларнинг масъуллари билан кўтарилган мавзулар бўйича атрофлича фикрлар алмашилди. Якунда МОҚ раҳбари ушбу дастур билан ишлашни янада кучайтириш, қатъий тизим ва темир интизомга амал қилиш, керакли ҳужжатларни вақтида тайёрлаш бўйича кўрсатма берди.

Text to speech