МОҚ раҳбарияти аёллар жамоамизда иш бошлаган япониялик мураббий билан учрашди
Аввал хабар берганимиздек, футбол бўйича Ўзбекистон аёллар Олимпия терма жамоаси бошқаруви тажрибали мутахассис Мидори Ҳондага топширилди. Бугун Чиғатой базасида япониялик мураббий илк йиғинини бошлади. Биринчи машғулотларга МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, унинг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов ташриф буюришди ҳамда япониялик мутахассисларнинг фаолиятига омад тилашди. Мутасаддилар олдимизда турган мақсадлар йўлида жамоамизга барча шароитлар тақдим этилишини маълум қилишди.
Футболчилар билан суҳбатда жамоа манфаати йўлида барча бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилиш кераклиги айтилди. Шунингдек, МОҚ ва ЎФА раҳбарияти томонидан терма жамоамиз Париж Олимпиадасида иштирок этишига ишонч билдирилиб, бу йўлда бўлажак турнирларнинг аҳамияти, уларга тизимли ва сифатли тайёргарлик кўриш, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш зарурлиги, доимий равишда меҳнат қилиб бориш муҳимлиги таъкидланди.
Терма жамоага япониялик мутахассисни жалб қилишдан кўзланган асосий мақсад нафақат эркаклар, балки аёллар жамоасида ҳам футболчиларимизнинг Олимпия ўйинларида иштирок этишини таъминлаш.
Маълумот учун, 2021 йилдан бошлаб “Олимпик” клуби ташкил этилган бўлиб, жамоа 1 йил ичида Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. Темур Кападзе бошқарувидаги жамоанинг ҳам асосий эътибори Париж-2024 Олимпиадасига қаратилган.
Суҳбат якунида Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоасининг бош мураббийига МОҚнинг эсдалик совғаси топширилди.