Фарғонада оммавий спорт мусобақалари авжида
Фарғона вилоятида ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш, улар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида бир қатор тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, Фарғона туманидаги «Қораянтоқ», «Бирдамлик», «Мозортаги», «Ўртақишлоқ», «Машъал», «Гулпиён», «Оқтепа», «Лоғон», «Ваззиё», «Хуршидобон», «Наврўз», “Юқори Водил” МФЙларда истиқомат қилувчи уюшмаган ёшлар спортнинг мини-футбол тури бўйича ўзаро беллашдилар. Мусобақа якунида «Оқтепа» ва «Қорасув» МФЙ жамоалари туман биринчилигида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишди.
Вилоятининг Данғара туманида деярли ҳар куни спортнинг у ёки бу тури бўйича мусобақалар ўтказиш одатга айланди. Туман туризм ва спорт бўлими томонидан ташкилланган тадбир ҳам ана шу мусобақаларнинг навбатдагиси эди. Бу сафар «Таптиқсарой» МФЙдаги хусусий сунъий қопламали футбол майдонида туман МФЙлари билан ҳамкорликда уюшмаган ёшлар ўртасида спортнинг мини футбол тури бўйича “Ҳоким кубоги” мусобақаларининг финал босқичи ўйинлари бўлиб ўтди. Унда сектор раҳбари, туман ҳокими Ш. Тожиҳакимов ва Олий Мажлис конунчилик палатаси депутати Р. Бегматовлар иштирок этиб, иштирокчиларга омадлар тилашди. Мусобақада «Обод», «Анҳор», «Истиқбол», «Юксалиш», «Пахтабод», “Катта қўрғонча”, “Кичик қўрғонча” кўчалари ва «Таптиқсарой» ёшлари ўзаро беллашдилар. Финалда “Обод ва «Пахтабод» кўчалари ёшлари учрашишди. Ҳисоб эса, 2:1 ҳисобида якунланиб «Обод» кўчаси ёшларининг қўли баланд келди.
Шунингдек, туманнинг туризм ва спорт бўлими, ИИБ, Ватанпарвар ташкилоти, тиббиёт бирлашмаси, ХТБ, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими билан ҳамкорликда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ҳар бир оилада жисмонан соғлом муҳитни мустаҳкамлаш мақсадида нуронийлар, фахрийлар, хотин-қизлар, уюшмаган ёшлар, ташкилот ва муассасаларнинг ишчи-ходимлари, жами 250 дан зиёд одам иштирокида “Соғлом ҳаёт сари 5000 қадам” шиори остида оммавий юриш марафони ҳамда эрталабки бадантарбия машғулотлари ўтказилди. Унда 3-сектор раҳбари, туман ИИБ бошлиғи И. Исақов шахсий намуна кўрсатиб, иштирок этди.
Тошлоқ туманида эса юнон-рум кураши бўйича II халқаро “Тошлоқ тумани ҳокими кубоги” мусобақаси ўтказилди. Мазкур беллашув Тошлоқ тумани ҳокимлиги, вилоят туризм ва спорт бошқармаси туман бўлими, ҳамда туман БЎСМ ҳамкорлигида ўтказилди. Мусобақанинг очилиш маросимида туман ҳокими А. Джурабаев иштирок этиб, ёш спортчиларга зафарлар тилади. Мусобақаларда Республикамизнинг барча вилоятлари, Тошкент шаҳри, Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларидан 540 нафар ёш спортчилар иштирок этди. Мусобақа якунида турли вазн тоифалари бўйича 80 нафар ёш-спортчи ғолибликни қўлга киритди. Ғолиблар таъсисчиларнинг медаль, диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.