Ру En O'z
1 Февраль 2022 2004

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси вакиллари Пекин шаҳрига етиб боришди

Яна 3 кундан сўнг, аниқроғи 4 февраль куни Хитойнинг Пекин шаҳрида XXIV қишки Олимпия ўйинлари старт олади. Унда бутун дунёдан ташриф буюрадиган 91 мамлакат вакиллари орасида Ўзбекистон делегация ҳам иштирок этади. Бугун Ўзбекистон делегациясидан ўрин Миллий Олимпия қўмитаси вакиллари - Халқаро алоқалар департаменти бош мутахассиси, Ташкилий қўмита билан алоқаларга масъул Нозим Атакулов ҳамда Қўмитанинг ОАВ ва жамоатчилик билан алоқалар департаменти бош мутахассиси, матбуот хизматига масъул Нурали Йўлдошевлар Пекин шаҳрига етиб боришди. Ишчи гуруҳи дастлабки текширувлардан муваффақиятли ўтишди. Асосийси вакилларимиз соғ-саломат.

Бу йилги қишки Олимпиадада тоғ чанғиси спортида Комилжон Тўхтаев юртимиз шарафини ҳимоя қилишидан хабарингиз бор. Спортчимиз 13 февраль куни гигант слалом, 16 февралда эса слалом дастурида ўз чиқишини намойиш этади. Табиийки, очилиш маросимида ҳам у байроқдоримиз бўлиб, “Қуш уяси” стадионига делегациямизни бошлаб чиқади.

Ҳозирги кунда Комилжон Тўхтаев Италияда бўлажак Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўрмоқда. Режага кўра спортчимиз эртага, 2 февраль куни Милан шаҳридан тўғри Пекинга йўл олиши кўзда тутилган. Унинг италиялик мураббийи Маттиа Жианесси эса 9 февраль куни Хитойга етиб боради. Спортчимизнинг Олимпия ўйинларига олиб бораётган тайёргарлиги ва делегациямизнинг мусобақадаги иштироки давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Режага кўра, бугун ишчи гуруҳи Пекиндаги Олимпия шаҳарчасида қолиб, спортчимиз ва унинг мураббийнинг ташрифи учун тайёргарлик кўради. Эртага эса ҳамюртимиз Комилжон Тўхтаев мусобақада иштирок этадиган Янцин шаҳрига бориб жойлашади.

Text to speech