Бокс: Осиё чемпионатининг бухоролик ғолиблари шарафланди
Шу йилнинг 20-30 январь кунлари Тошкент шаҳри мезбонлик қилган бокс бўйича 22 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Бухоро вилояти ёш “чарм қўлқоп” усталари ҳам муносиб қатнашишди. Муросасиз баҳслар давомида қизлар ўртасида 12 та, ўғил болалар ўртасида эса 13 та вазнда қитъа чемпионлари аниқланди.
Қувонарлиси, эркаклар ва аёллар терма жамоаси таркибида бухоролик 4 нафар боксчи - Бухоро шаҳридаги спорт якка курашлари бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари Асилбек Жалилов (-48 кг), Шаҳзод Музаффаров (-54 кг), Когон шаҳридаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси Фарзона Фозилова (48 кг), Бухоро шаҳридаги “Суфида” аёллар бокс клуби аъзоси Сабина Бобоқулова (50 кг) ўз вазн тоифаларида Осиё чемпиони деган номга сазовор бўлишди.
Бухорога ёруғ юз билан қайтган ёш боксчилар бугун вилоят ҳокимлигида шарафландилар. Вилоят спорт жамоатчилиги вакиллари, боксчилар ва уларнинг мураббийлари иштирокида ўтган тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов ёш иқтидор эгалари — “чарм қўлқоп” усталарини эришган ғалабалари билан самимий муборакбод этди. Спортчи қизларимизга шу йил май ойида Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида ҳам ўз куч ва маҳоратларини намоён этиб, ватанга олтин медаль билан қайтишларига ишонч билдирди. Худди шундай, йигитларимизда ҳам 2024 йили Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун қулай имконият борлиги таъкидланди.
Шундан сўнг ёш чемпионлар ҳамда уларнинг мурраббийлари - Исломбек Абдиримов, Адиз Шарипов, Истам Кабинов ва Улуғбек Баратовларга вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси, пул мукофоти ва эсдалик совғалари топширилди.