Ру En O'z
1 Февраль 2022 1657

Зоҳид Каримов: Пекин-2022 Олимпиадасини ёритишга "SPORT" телеканали ижодий жамоаси тўлиқ жалб этилади

Хабарингиз бор, бир неча кундан сўнг Пекин-2022 қишки Олимпия ўйинлари бошланади. Мазкур нуфузли мусобақани Ўзбекистон ҳудудида намойиш этиш ҳуқуқини Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси қўлга киритди. Биз қишки Олимпия ўйинлари бошланиши арафасида “SPORT” телеканали директори Зоҳид Каримов билан боғланиб, бу борада кичик суҳбат уюштирдик.

-Токио-2020 Олимпия ўйинлари МТРК тизимидаги телеканалларда жуда кенг миқёсда ёритилди. Пекин-2022 Олимпия ўйинлари трансляция жараёни қандай режалаштирилган?

-Пекин-2022 қишки Олимпия ўйинларидан бизга намойишчи ҳамкорлар томонидан ҳар куни 8 та канал, 3 та частотадан сигнал келиб туради. Қарийб 20 кун давом этадиган мусобақалар Тошкент вақти билан тонгги 06:00 ҳамда кечги 19:30 оралиғида бўлиб ўтади. Бу кунига тахминан 12-13 соат материал дегани. Агар сигнал 3 та частотадан алоҳида келишини ҳисобга олсак, бу суткасига 36-39 соатлик контент дегани. Хабарингиз бор, мусобақалар одатга кўра расмий очилиш маросимидан аввал бошланади ва биз уларни 2 февраль санасидан бошлаб намойиш этишни режалаштирганмиз.
Биринчилардан бўлиб кёрлинг ва чанғида фристайл баҳслари ўтказилади. Бизнинг трансляцияларимиз ҳам айнан ўша пайтдан бошланади ва албатта, 4 февраль куни Тошкент вақти билан 15:00 да бўлиб ўтадиган тантанали очилиш маросими жонли эфирда тақдим этилади. Умуман олганда “SPORT” телеканалида барча репортажлар жонли эфирда кўрсатилади. Спорт ишқибозларига бирдек қизиқ бўлган хоккей, кёрлинг, фигурали учиш, биатлон, шорт-трек ва бошқа спорт турларидан ташқари Олимпиада дастурига киритилган янги йўналишларни қамраб олишга ҳаракат қиламиз.
Табиийки бунча ҳажмдаги маҳсулотни жонли эфирда намойиш этишнинг имкони йўқ, шу боисдан биз тунги вақтларда томошабинлар ҳоҳиш истакларидан келиб чиқиб айрим спорт турлари бўйича репортажарни тунги вақтда, ёзиб олинган ҳолатда намойиш этишни режалаштирганмиз.

-Бу сафар қишки Олимпия ўйинлари фақат SPORT TVда ёритиладими ёки бошқа телеканалларда ҳам намойиш режалаштирилганми?

-Умуман олганда, Қишки Олимпиада дастуридаги барча мусобақалар "SPORT" телеканали орқали тўғридан тўғри эфирга кетади. Бунда биз икки тилда фаолият кўрсатадиган каналларимизда ўзбекча ва русча шарҳни йўлга қўйишга ҳаракат қиляпмиз. Параллель тарзда ўтадиган мусобақалардан мухлисларимизга қизиқарли бўлиши тахмин қилинганлари - хоккей, биатлон, фигурали учиш каби спорт турларини "Дунё бўйлаб", "Маҳалла" ҳамда "Ёшлар" телеканаллари орқали эфирга узатишни мақсад қилганмиз. Барчага маълум, интернет платформасида бизнинг "SPORT 2" каналимиз ҳам мавжуд ва унда ҳам "non-stop" режимида баҳслар намойиш этилади.

-Олимпия ўйинларини шарҳлаш жараёнига нечта шарҳловчи жалб этилган?

-Бугунги кунда телеканалимизда фаолият олиб бораётган барча шарҳловчилар жалб этилган. Бундан ташқари, трансляция жараёнида ижодий ходимлар, муҳаррирлар ишлайди. Чунки кун давомида бизда Олимпиада кундалиги, информацион кўрсатувлар ҳам тайёрланади. Шу боис, жараёнга телеканал ижодий-техник жамоаси тўлиқ жалб этилади. 10 га яқин шарҳловчи ва соҳада улкан тажрибага эга бўлган Риҳситилла Умаров ва Комил Жумаев каби устоз шарҳловчилар, шу билан биргаликда қишки спорт турлари мутахассисларидан ҳам фойдаланишни режалаштирганмиз.

-2022 йил йирик комплекс мусобақаларга бой, Пекиндаги қишки Олимпиададан сўнг бизни Бутунжаҳон Универсиадаси, Ислом бирдамлик ўйинлари, XIX ёзги Осиё ўйинлари, III ўсмирлар Осиё ўйинлари кутиб турибди. “SPORT” телеканали мазкур мусобақаларни қай тарзда ёритишни режалаштирган?

-Биз учун ўта муҳим бўлган Осиё ўйинларини Ўзбекистон ҳудудида намойиш этиш ҳуқуқини қўлга киритиш бўйича музокараларни ижобий якунлаганмиз ва айни пайтда шартномаларни имзолаш, ҳужжатларни расмийлаштириш ишларигина қолган. Барча юридик жараёнлар ниҳоясига етганидан сўнг буни расман эълон қилишни режалаштирганмиз. Қолган нуфузли турнирлар трансляцияси масаласини эса мусобақалар муддати яқинлашгани сари албатта ижобий ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Айни пайтгача деярли аниқ бўлиб улгургани бу Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган XIX ёзги Осиё ўйинлари ҳисобланади.

Text to speech