Волейбол: Самарқандда эркаклар ўртасида Ўзбекистон чемпионати 1-тур ўйинлари якунланди, мезбонларда 100 фоизлик натижа
Ўзбекистон волейбол федерацияси бу йилги мусобақаларни одатдагидан барвақт бошлади. Бундан кўзланган мақсад, олдинда турган XIX ёзги Осиё ўйинларига эркаклар ва аёллар терма жамоаларимизнинг пухта ҳозирлик кўришлари учун имконият яратишдан иборат.
Шу мақсадда 21-январ куни кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида волейбол бўйича эркаклар ўртасида ХХХ Ўзбекистон чемпионатига старт берилди. Бу йилги мусобақада жами 14та жамоа баҳсларга киришди. Иштирокчилар икки гуруҳда баҳс олиб боришмоқда.
“А” гуруҳи:
“Ўзтелеком” (Самарқанд),
“ЖДПИ-Зиёкор” (Жиззах),
ОТМК (Олмалиқ),
“Парвоз” (Наманган),
“Бувайда-тадбиркор” (Фарғона),
“Қўқон-ҚДПИ” (Қўқон),
Мудофаа вазирлиги (Тошкент),
“Б” гуруҳи:
Қорақалпоғистон Республикаси (Нукус),
“Сурхон” (Термиз),
“Олимп-ЭКО” (Навоий),
“Сўғдиёна” (Навоий),
Бухоро давлат университети (Бухоро),
“Қарши-Олимп” (Қарши),
Самарқанд давлат университети (Самарқанд).
Маълум сабабларга кўра, 2021-йилги бронза медали соҳиби “Миллий гвардия” жамоаси жорий йил мусобақада қатнашолмайдиган бўлди. Аммо уларнинг ўрнига 4та дебютант жамоа қўшилганлигини таъкидлаш керак. Булар – “Бувайда-тадбиркор”, “Сурхон”, БухДУ ва СамДУ жамоаларидир.
1-тур якунларига кўра Самарқанднинг “Ўзтелеком” жамоаси пешқадамликни қўлга олди. Улар ўтказилган 7 ўйиннинг барчасида ғалаба қозонишди ва 21 очко жамғарди. ОТМК жамоаси ҳам худди шунча ғалабага эга, фақат улар “Олимп-ЭКО” жамоасини тай-брекда мағлуб этди ва бунинг учун атиги 2 очкони қўлга киритди. Натижада уларнинг очколари сони 20тани ташкил этмоқда. Наманганнинг “Парвоз” жамоаси 16 очко билан кучли учликни якунлаб берди.