U-22 Осиё чемпионати ҳақида қизиқарли рақамлар
Бокс бўйича Тошкентда ўтган U-22 Осиё чемпионати қитъамизнинг айни пайтдаги энг кучли ёш иқтидор эгаларини кашф этиб берди. Анъанага мувофиқ, ушбу мусобақадан сўнг чемпионатнинг энг яхшилари эълон қилинди.
Унга кўра, мусобақанинг Энг яхши эркак боксчиси номи ҳамюртимиз Руслан Абдуллаевга насиб этди. 2021 йил Ўзбекистон чемпионатида энг яхши боксчи деб топилган Абдуллаев ўз вазнида қитъамиз ёшлари орасида ҳам тенгсиз эканини кўрсатди.
Энг яхши аёл боксчи – Ири Сена (Япония).
Ири том маънода ушбу мусобақанинг юлдузларидан бири эди. -57 кг вазн тоифасида иштирок этган Токио-2020 чемпиони кутилганидек, ўзининг ажойиб техникаси билан бошқалардан яққол ажралиб турди.
Энг яхши ҳакам – Александр Ҳамидов (Ўзбекистон).
Ушбу ҳамюртимиз қитъамиз ёш ҳакамлари орасида йилдан йилга катта ютуқларга эришиб бормоқда. Унинг ўз устида ишлаши, вазиятни чуқур ҳис эта олишини кўплаб халқаро экспертлар ҳам эътироф этишган.
Соврин жамғармаси.
Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) мусобақаларга бўлган қизиқишни янада ошириш ниятида ундаги соврин жамғармасини ошириб бормоқда. Илк бор ташкил этилган бўлишига қарамай, Тошкентдаги мусобақага ҳам етарлича маблағ ажратилди. Ҳар қалай, қитъа чемпионлигини қўлга киритган ёш боксчининг 8 минг АҚШ доллар мукофотига эга бўлиши ёмон рақам эмас. Шунингдек, кумуш медаль соҳиби 4 минг, бронза медали эгалари эса ўз ҳисобларини 2 минг АҚШ долларидан бойитиб олишади.
Медаллар жамғариш.
16 та олтин! Бу марра катта эҳтимол кейинги ўтадиган ушбу ёшдаги қитъа биринчилиги учун ҳар қандай жамоага уддалаб бўлмас “планка”га айланиб улгурди. Шунингдек, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларини ҳам қўлга киритган ёшларимиз миллионлаб мухлисларимизга яна бир ғалаба завқини улашишди.
2 тадан олтин ва кумуш, 8 та бронза медалларини жамғарган Мўғулистон иккинчи, 1 та олтин, 6 та кумуш ва 4 та бронза медали билан Тожикистон термаси учинчи бўлди. Олтин медаль ололган жамоалар сафига Японияни ҳам қўшиш мумкин. Кун чиқар юрт вакиллари яна 5 та кумуш ва 3 та бронза медалларига ҳам эга бўлишган.