Ру En O'z
30 Январь 2022 1829

Жамоамизда фаолият олиб бориши кутилаётган япониялик мураббийлар Азиз Абдуҳакимов қабулида бўлишди

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга, хусусан хотин-қизлар спортини ривожлантириш масаласига алоҳида аҳамият қаратиб келинмоқда. Мазкур жараёндан аёллар футболи ҳам четда қолмаяпти.

Шуни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти мамлакат аёллар терма жамоасига хориждан малакали мутахассисларни жалб этишга қарор қилди. Шу мақсадда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийи лавозимига япониялик тажрибали мутахассисларни таклиф этиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Бу бежиз эмас, зотан Япония аёллар футболида нафақат қитъамиз, балки жаҳонда ўз ўрнига эга мамлакатлардан саналади. Шу кунларда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийлигига номзод Мидори Ҳонда ва унинг ёрдамчиси Такая Сусуми юртимизда бўлиб туришибди.

Япониялик мутахассислар мамлакатимизга ташрифи давомида Туризм ва спорт вазирлигида бўлишди. Меҳмонларга МОҚ ҳамда ЎФА раисларининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов ҳамроҳлик қилмоқда. Уларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов қабул қилди.

Учрашув аввалида А.Абдуҳакимов Япониянинг аёллар футболида эришаётган ютуқларини алоҳида эътироф этди. Шунингдек, уларга бугунги кунда юртимизда аёллар спорти, хусусан, футболга берилаётган эътибор ҳақида маълумот берди. Қолаверса, япониялик мутахассислар ёрдамида мамлакатимиз аёллар футболида тартиб, интизом, курашувчанлик каби япон халқи менталитетига хос хислатларни янада кучайтириш, жамоамизни янги даражага олиб чиқиш каби мақсадлар кўзлангани таъкидлаб ўтилди.

Ўз навбатида япониялик мутахассис Мидори Ҳонда мамлакатимизда аёллар футболига берилаётган эътиборни юқори баҳолаб, ҳамкорлик давомида бор куч-ғайратини ишга солиб, Ўзбекистон аёллар футболини янги даражага олиб чиқишга тайёр эканлигини билдирди.

Маълумот учун: Мидори Ҳонда 17 ёшидан бошлаб 10 йил Япония терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган. 1991 йилги Жаҳон чемпионати иштирокчиси, Осиё ўйинларининг бронза медали совриндори. Бош мураббий сифатидаги фаолиятини 2001 йилда «Окаяма» клубида бошлаган. Кейинчалик Япония U-20 аёллар жамоасида мураббий ёрдамчиси сифатида ишлаб, Жаҳон чемпионатида 3-ўринни қўлга киритган. 2013-2019 йиллар давомида «Нагано Парсейро», 2020-2021 йилларда эса «Сидзуока ССУ Асреджина» клубини бошқарди. Бундан ташқари, Мидори Хонда Японияда JFAнинг «С» категориядаги лицензияни олган илк аёл мураббий ҳисобланади.

Манба: Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Text to speech