Ру En O'z
29 Январь 2022 3222

Азиз Абдуҳакимов Пекин-2022 иштирокчиси билан суҳбатлашди ва унга омад тилади

Хабарингиз бор, тоғ чанғиси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Комилжон Тўхтаев 2022 йил 4-20 февраль кунлари Хитойнинг Пекин шаҳрида ўтказиладиган XXIV қишки Олимпия ўйинларида иштирок этади. Спортчимиз тоғ чанғисининг слалом ва гигант слалом йўналишларидаги мусобақаларда қатнашади.

Ҳамюртимиз қишки Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида шу йилнинг 6 январида Италияга жўнаб кетганди. Шу кунларда К.Тўхтаев Италиянинг Брунико шаҳри яқинидаги Мангуэлфо қишлоғида италиялик тренер Маттиа Ганесси раҳбарлигида машғулот олиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдухакимов спортчимиз билан онлайн видеомулоқот ўтказди.

Видеомулоқот аввалида вазир спортчимизнинг саломатлиги ва бўлажак мусобақага тайёргарлик жараёни, қолаверса яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўради. Шунингдек, бўлажак қишки Олимпия ўйинларида Комилжон Тўхтаевга омад тилаган ҳолда унинг ортида аввало Президентимиз, яқинлари, қолаверса кўп миллионлик юртдошларимиз турганлигини таъкидлаб, ундан барча ижобий натижа кутаётганлигини айтиб ўтди.

- Президентимиз ва халқимиз номидан сизга бўлажак мусобақаларда омад тилаймиз. Аслини олганда қишки Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритганлигингиз, унда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишингизнинг ўзи катта муваффақият. Шундай бўлса-да, Олимпия ўйинларида юртимизга медаль тақдим этсангиз, сизни ҳам ёзги Олимпия ўйинлари ғолиблари каби тантаналар билан кутиб оламиз ва тақдирлаймиз. Энг муҳими, ушбу нуфузли мусобақада муносиб иштирок этиш орқали Ўзбекистонда қишки спорт турларини оммалаштиришга муносиб ҳисса қўшган бўлардингиз. Шунинг учун сизга бўлажак мусобақаларда омад ва зафар тилаймиз, – деди Азиз Абдухакимов видеомулоқотда.

Ўз навбатида Комилжон Тўхтаев ҳам аввало муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев, қолаверса Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон чанғи спорти федерацияларининг доимий ёрдамини ҳис қилаётганлигини, юртимизда сўнгги йилларда қишки спорт турларини янада оммалаштириш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, спортчи сифатида бундан мамнун эканлигини эътироф этди.

Видеомулоқот якунида К.Тўхтаев Юртбошимиз ва Ўзбекистон халқини қувонтириш учун астойдил ҳаракат қилишга ваъда берди.

Манба: Туризм ва спорт вазирлиги мaтбуот хизмати.

Text to speech