2022 йилги комплекс мусобақалар режаси Олий спорт маҳорати мактаби раҳбарияти билан муҳокама қилинди
Коронавирус пандемияси сабаб 2021 йил ўтказилиши режалаштирилган кўплаб мусобақалар жорий йилга кўчирилди. Бу эса бошланган мавсум анча зич ўтишидан далолат беради. Шу боис терма жамоаларимиз йирик комплекс мусобақалар, Осиё ва жаҳон чемпионатлари каби мусобақалар учун таркибларни ҳозирдан тайёрлаб бориши керак.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовнинг топшириғига биноан, МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов ҳамда унинг ўринбосари Шерзод Ташматов иштирокида Вазирлик ва Олий спорт маҳорати мактаблари мутасаддилари билан ушбу масала юзасидан йиғилиш ўтказилди.
“Давлатимиз ва Президентимиз бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Шундай экан биз терма жамоаларимиз учун керакли шароитларни яратиб беришимиз лозим. Шантоуда ўтадиган ёшлар Осиё ўйинлари ҳам биз учун алоҳида аҳамиятга эга. Биринчидан, ушбу мусобақа орқали ёш юлдузларимизни кашф қиламиз. Иккинчидан, мазкур мусобақанинг бўлажак мезбони сифатида ўзимиз учун улкан тажриба тўплашимиз керак. Барча Олий спорт маҳорат мактабларидан ишни янада жадал олиб боришни, ўқув-машғулот йиғинларини узликсиз йўлга қўйишни сўраймиз”, – деди МОҚ раҳбари.
Маълумот учун, жорий йил олдимизда Ислом Бирдамлиги ўйинлари (Туркия), Осиё ўйинлари, ёшлар Осиё ўйинлари ва Бутунжаҳон талабалар универсиадаси (барчаси Хитой) каби комплекс мусобақалар бўлиб ўтади.
Йиғилишда Қўмита раҳбари томонидан селекция ишларини мунтазам йўлга қўйиш, йил давомида камида 2-3 та таркибни тайёрлаб бориш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берилди. Ўз навбатида, йиғилиш иштирокчилари ушбу стартларга ёшларни жалб қилиш орқали уларга йирик мусобақалар ҳавосидан кўпроқ нафас олиш имкониятини яратиш, кучли тизимни йўлга қўйиб олиш учун ишчи гуруҳни тузиш таклифини илгари суришди.