Ру En O'z
29 Январь 2022 1981

Ўзбекистон дзюдо федерацияси раисига икки ўринбосар сайланди

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Ўзбекистон дзюдо федерациясининг навбатдан ташқари конференцияси ўтказилди. ZOOM платформасида онлайн тарзда ўтган йиғилишнинг кун тартибидан икки масала ўрин олди: Ўзбекистон дзюдо федерациясига икки нафар раис ўринбосарлари ҳамда федерациянинг Сирдарё ва Андижон вилоятлари бўлимларига янги раҳбар сайлаш.

Конференцияда МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон дзюдо федерациясининг ҳудудий бўлим мутасаддилари иштирок этди. Тадбирда Шерзод Ташматов ўзбек дзюдосининг ривожи ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан олиб борилаётган барча йўналишлардаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлайман. Федерация раҳбарияти биринчи галда тизимни тўғри йўлга қўйиш, кадрлар масаласи, ташкилий масалаларга жиддий эътибор қаратади. Очиғи, олиб борилаётган бу ишларга ҳавасим келади. Ишончим комил, бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермай қолмайди. Асосий вазифалардан бири Тошкент мезбонлигида ўтадиган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатини юқори савияда ташкил этиш. Бунинг учун федерацияда кучли ва катта жамоа бўлиши керак. Ўз ўрнида МОҚ ҳам бу ташаббусларга кўмакчи бўлади”, – деди Ш.Ташматов.

Шундан сўнг, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раисига икки ўринбосар сайланди. Конференция қатнашчилари бир овоздан ушбу лавозим учун илгари сурилган Шуҳрат Очилов ва Шокир Мўминов номзодларини маъқуллашди. Шуҳрат Очилов шу кунгача Ўзбекистон дзюдо федерациясининг Бухоро вилоят бўлими раиси, шунингдек, Бухоро туманидаги БЎСМ директори лавозимларида ишлаб келаётган эди. Шокир Мўминовни эса яхши дзюдочи сифатида биламиз. У 2006 йилги Осиё ўйинларининг бронза медали соҳиби, уч карра Осиё чемпионати совриндори ҳисобланади.

Шундан сўнг Конференциядан ўрин олган иккинчи масала - Ўзбекистон дзюдо федерациясининг Сирдарё ва Андижон вилояти бўлимларига раис сайланди. Делегатлар мос равишда Андижон вилояти ҳокимлигининг молия бош бошқармаси бошлиғи Сардорбек Раҳмонов ҳамда Гулистон шаҳар ҳокими Тўлқинжон Дадабоевни мамлакат дзюдо федерациясининг бу икки вилоят бўлими раҳбарлигига сайлашди.

Ўз ўрнида Азизжон Камилов янги лавозимга сайланган мутасаддилар ҳақида ўз фикрларини билдирди:

“Шуҳрат Очилов ва Шокир Мўминов ҳақида илиқ фикр билдира оламан. Шуҳрат ака Бухоро вилояти дзюдосига раҳбар этиб тайинланганларидан сўнг ижобий томонга ўзгаришлар кўзга ташланди. Буни натижалар ҳам тасдиқлаб турибди. Шокир Мўминов эса дзюдода айтишга арзигулик ютуқларга эришган. Умид қиламанки, у раҳбарлик салоҳиятини ҳам ишга сола билади. Ўйлайманки, биз биргаликда ўз олдимизга қўйилган вазифаларни бажариб, кўзланган мақсадга эришамиз. Яқин кунларда биз барча вилоятлар қатори Андижон ва Сирдарёга ҳам боришни режага киритганмиз. Бу икки вилоятда ҳам шу кунларда Халқ таълими вазирлиги ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ихтисослаштирилган дзюдо зали бунёд этиляпти. Шу кунгача Самарқанд, Қўқон ва Тошкент шаҳрида ана шундай замонавий дзюдо заллари фойдаланишга топширилди. Мақсадимиз – Сирдарё ва Андижон вилоятларини ҳам жуда қисқа фурсатда дзюдоси ривожланган Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд каби вилоятларимиз қаторига қўшиш”.

Тадбир якунида жорий мавсум учун қўйилган режалар яна бир бор муҳокама қилиниб, иштирокчилар янги лавозимга сайланган мутасаддиларнинг фаолиятига омад тилашди.

Text to speech