Ру En O'z
24 Январь 2022 2520

МОҚ мутасаддилари ва Ўзбекистон гимнастика федерацияси вакиллари мавжуд муаммога ечим қидиришмоқда

Коронавирус инфекциясининг инсонлар саломатлигига, ҳаётига етказаётган таъсири етмаганидек, ундан спорт соҳаси ҳам талофат кўрмоқда. Пандемия бошлангандан бери Юнусобод туманидаги Гимнастика саройи касалликка чалинган ҳамюртларимизнинг даволаниши учун беминнат хизмат қилиб келмоқда. Бунинг натижасида гимнастикачиларимиз учун барча шароитларга эга муқобил объект топиш яна долзарб масалага айланди. Бугун МОҚ мутасаддилари Руслан Мустаев бошчилигидаги Ўзбекистон гимнастика федерацияси ҳамда Гимнастика бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби вакиллари билан ушбу масала юзасидан фикр алмашишди.

Қайд этиш жоиз, Токио-2020 циклида қийин шароит бўлишига қарамай, гимнастикачиларимизнинг тайёргарлиги учун барча шароитлар яратиб берилди. Спортчиларимиз узликсиз халқаро ва маҳаллий ўқув-машғулот йиғинида бўлишди. Буни учрашув давомида йиғилган Гимнастика бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби, Ўзбекистон гимнастика федерацияси мутасаддилари ва мураббийлар ҳам эътироф этиб, бунинг учун Президентимиз ва давлатимизга ўз миннатдорчиликларини изҳор қилишди.

Ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан барча терма жамоаларда йилнинг энг муҳим старти Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига тайёргарлик ҳам жадал суратларда олиб борилмоқда. Бироқ юқорида қайд этилган масала сабаб гимнастикачиларимизнинг йиғинида айрим муаммолар пайдо бўлди.

Бугунги йиғилиш давомида спортчиларимиз шуғулланиши учун шаҳримиздаги бошқа спорт объектлари, уларни қабул қилиш имкониятлари муҳокама қилинди. Гап шундаки, гимнастикада машғулотлар зали учун бир қатор меъёрлар мавжуд. Жумладан, бадиий гимнастикада шифтнинг баландлиги 16 метрдан кам бўлмаслиги керак. Ердаги тўшамаларда ҳам ўзига яраша талаблар бор.

Суҳбатда Тошкент Ахборот-технологиялари университети, Тошкент молия институти, “Юнусобод спорт мажмуаси” шунингдек, яна бир қатор залларга эътибор қаратилди. Агар ўрганишлар кўнгилдагидек натижа бермайдиган бўлса, Гимнастика зали яқинида енгил конструкцияли махсус зал қуриш варианти ҳам ўртага ташланди. Қолаверса, спортимиз ривожини янги босқичга олиб чиқиш бўйича тайёрланаётган Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳасига ҳам таклифлар киритиш бўйича муҳокама олиб борилди.

Text to speech