МОҚ раҳбарияти Элмар Аминовни қутлуғ 90 ёши билан муборакбод этди
Хабар берганимиздек, кеча ўзбек футболи тарихига ўз номини битиб улгурган фахрийларимиздан бири Элмар Аминов 90 ёшни қарши олди. Бугун у кишининг қутлуғ юбилейи шарафига МОҚда кичик қутлов тадбири ўтказилди.
Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов, Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, Тўлаган Исоқов бошчилигидаги футболимиз ва ўзбек спорти фахрийлари, Туризм ва спорт вазирлиги вакиллари жам бўлишди.
Даставвал Элмар Алимовичга Вазирлик томонидан тайёрланган совға ва кун қаҳрамоннинг узоқ йиллар давомида қилган хизматлари учун ташаккурнома топширилди. Шундан сўнг МОҚ раҳбари ҳам ўзининг самимий тилакларини йўллади.
“Сизнинг узоқ йиллар давомида спортимиз ривожига қўшган ҳиссангизни ҳеч қачон унутмаймиз. Сиз каби спортимиз фидойилари Президентимиз ва ҳукуматимиз эътиборидасизлар. Узоқ йиллар давомида тўплаган тажрибангиз, етиштирган шогирдларингизнинг меҳнати билан соҳада қатор ютуқларга эришмоқдамиз”, – деди Р.Шоабдураҳмонов.
Тадбир давомида кўплаб фахрийларимиз Элмар Аминовнинг кўп йиллик фаолияти давомида спортимиз ривожида қилган меҳнатларини эслаб, у кишини таваллуд айёмлари билан қутлашди. Ўз навбатида, Элмар Алимович давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибордан мамнун эканини билдирди ва барчага ўзининг ташаккурини изҳор қилди.
Маълумот учун, 1959 йил Ўзбекистон футбол федерациясига асос солинганида, Элмар Алимович ушбу ташкилотнинг раҳбари этиб тайинланган. У инсон фаолияти давомида “Пахтакор” жамоаси бошлиғи, кейинчалик Ўзбекистон ССР Министрлар Кенгаши давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси муовини, сўнгра раҳбари лавозимларида ишлади. У киши фаолияти давомида футбол бўйича Собиқ Иттифоқ терма жамоаси делегациясига кўплаб мусобақаларда, жумладан, 1966 йил Англияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида раҳбарлик қилган. 1990-1992 йилларда Ўзбекистон футбол федерациясининг биринчи вице-президенти сифатида фаолият олиб борган.