Ру En O'z
22 Январь 2022 2170

Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ўз дарғасини муносиб қутлади

Кеча ўзбек оғир атлетикасининг отаси Эркин Каримов 80 ёшни қарши олгани эди. Бугун “Ўзбекистон” меҳмонхонасида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ташаббуси билан дастурхон ёзилди.

Тадбирда Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ходимлари, Шаҳрулло Маҳмудов бошчилигидаги Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси мутасаддилари, Эркин ота билан узоқ вақт юртимиз спорти ривожида хизмат қилган фахрийлар, оила-аъзолари, спортчиларимиз иштирок этишди. Йиғилганлар кун қаҳрамонининг самарали ҳаёт йўли, барчага ўрнак бўладиган хислатлари ҳақида яна бир бор гапириб ўтдилар ва ўзлари тайёрлаб келган совғаларини тақдим қилишди.

Тадбир давомида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси томонидан 2021 йил сарҳисоби ҳам ўтказилиб, йил давомида фаол меҳнат қилган ҳамкор ташкилотлар вакиллари тақдирланишди. Шунингдек, катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида шоҳсупага кўтарилган қаҳрамонларимизга пул мукофотлари топширилди.

Якунда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовнинг Эркин ота Каримовнинг юбилей ёши муносабати билан йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Йиғилган барча Эркин отанинг ҳаққига дуо қилиб, у кишига узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тилашди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳам Эркин Каримовни ушбу муборак айём билан яна бир бор самимий қутлайди ва у кишига узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб қолади.

Text to speech