Ру En O'z
22 Январь 2022 1462

WSB каби турнирлар яна қайтмоқда, энди профессионал боксдаги 15 та жангга ҳеч қандай таъқиқ қўйилмайди

Маълум қилганимиздек, бугун пойтахтимизда бокс бўйича ёшлар ўртасида (U-22) Осиё чемпионати старт олади. “Hilton” меҳмонхонасида турнирга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Халқаро бокс ассоциацияси президенти Умар Кремлёв, Осиё бокс конфедерацияси президенти Анас Алотаиба, МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов, терма жамоа вакиллари, ОАВ ходимлари ва блогерлар иштирок этишди.

Даставвал, Сакен Полатов барча меҳмонларни мамлакатимизда кўриб турганидан мамнун эканини билдириб, ўзининг илиқ тилакларини йўллади.

“Президентимиз ва ҳукуматимиз ҳозирда ёшлар спортига алоҳида аҳамият қаратмоқда. Қитъамиз тарихида илк бор ўтказилаётган бундай ёшдаги Осиё чемпионатини қабул қилиш биз учун шараф. Бу орқали қитъамизнинг ёш иқтидор эгаларига ўз қобилиятларини кўрсатиш учун яна бир бор имконият бераётганимиздан мамнунмиз. Унда порлаган ёш юлдузлар келаси йил Тошкентда бўладиган жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этишларидан умидвормиз”, – деди Сакен Полатов.

Шундан сўнг Умар Кремлёв мусобақа аҳамияти, халқаро федерацияда олиб борилаётган ўзгаришлар ҳақида қуйидагича гапирди:

“Ҳозирги даврда мусобақани коронавирус ё бошқа сабаблар билан бекор қилиб юбориш жуда осон. Бироқ Ўзбекистон томони ёшлар учун берилаётган бундай имкониятни сақлаб қолгани ва профессионал даражада ташкил этгани таҳсинга сазовор. Бу бевосита давлат раҳбари, ҳукумат ва спорт мутасаддиларининг соғлом турмуш тарзига бераётган юксак эътиборидан далолат. Бу келаси йил Тошкентда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатидан олдин яхши репетиция бўлади. Тошкент бу йил Осиё, кейинги йил жаҳон боксининг пойтахти сифатида эътиборимизда”.

Анжуман давомида IBA раҳбари боксчилар учун “бронза”, “кумуш” ва “олтин” статусдаги мусобақалар ташкил этилаётгани, яқин вақт WSB каби бокс мусобақаларнинг бошқача аналоглари йўлга қўйилиши кутилаётгани ҳақида гапирди. Шунингдек, аввал профессионал боксда 15 та жанг ўтказган спортчининг ҳаваскор боксга қайтмаслиги каби тақиқ бутунлай олиб ташлангани кўпчилик учун қизиқарли маълумот бўлди.

Text to speech