Ру En O'z
21 Январь 2022 3923

Олимпия оиласи МОҚнинг 30 йиллигини кўтаринки руҳда нишонлади

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ташкил этилганига 30 йил тўлиши муносабати билан Қўмита биносида байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги МОҚ раҳбарияти, Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев, узоқ йиллар юртимизда Олимпия ҳаракати тарғиботида, Қўмитамиз ташкил этилишида меҳнати синган фахрийлар, Олимпия ўйинлари чемпионлари ва совриндорлари иштирок этишди. Тадбирни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов олиб борди ва бугунги тадбир моҳияти ҳақида гапириб ўтди.

Кириш қисмидан сўнг Ўзбекистон МОҚнинг 30 йиллик фаолиятига бағишлаб ишланган махсус видеоролик қўйиб берилди.

Шундан кейин Рустам Шоабдураҳмонов Олимпия ҳаракати оиласига ўзининг байрам табригини йўллади.

“Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ўтган қисқа вақт ичида Халқаро Олимпия қўмитаси, Осиё Олимпия кенгаши ва қатор халқаро спорт федерациялари ҳамда ташкилотлари билан ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқди. Бугунги кунда спорт ва соғломлаштириш жараёнларининг натижадорлиги Янги Ўзбекистонни барпо этиш вазифалари билан узвий боғлиқ эканини англаган ҳолда темир интизом билан ҳаракат қилишимиз лозим. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ташкил этилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан бизни ҳар жиҳатдан қўллаб- қувватлаб келаётган, барча зарур шароитни яратиб бераётган давлатимиз ва ҳукуматимиз раҳбарларига ва шахсан муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевга, шунингдек биз билан ҳамкорлик қилиб келаётган Туризм ва спорт вазирлигига, фахрийларимизга ва спорт федерацияларига ўз миннатдорчиликимизни изҳор этамиз.”, – деди МОҚ раҳбари.

Тадбир давомида МОҚ ташкил этилишида бевосита иштирок этган ва узоқ йиллар Қўмита вице-президенти лавозимида ишлаган Игорь Барабан, 2005-2009 йиллар МОҚни бошқарган Рустам Қурбонов ҳам сўз олиб, бугунги кунда Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан Олимпия ҳаракати ривожига кўрсатилаётган эътибор ҳақида гапириб ўтишди. Шунингдек, Игорь Петрович Рустам Шоабдураҳмоновга тарихий ҳужжат – Ўзбекистон МОҚ ташкил этилгани ҳақидаги 1-протоколнинг нусхасини тақдим қилди.

Тадбир давомида Олимпиячиларимиз номидан Мустақил Ўзбекистон учун ёзги Олимпия ўйинларида биринчи олтин медални тақдим қилган Сидней-2000 Олимпиадаси чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаев ўз табрикларини йўллади.

Шундан сўнг Азиз Абдуҳакимов ҳукуматимиз, Туризм ва спорт вазирлиги номидан барчани қутлади.

“Бугун жуда муҳим тадбирда биргаликда жам бўлдик. Афсуски, ҳозирги вақтда юзага келган эпидемиологик вазият сабаб байрамни катта ҳажмда ўтказа олмаяпмиз. Бироқ эпидемиологик вазият барқарорлашгач, Халқаро Олимпия қўмитаси, Осиё Олимпия кенгаши ва бошқа йирик халқаро спорт ташкилотларининг вакиллари иштирокида мазкур байрамни ўзгача шукуҳда нишонлашни режалаштирганмиз. Президентимиз Олимпия ҳаракатини қўллаб-қувватлашга қаратаётган эътиборлари барчангизга маълум. Яқинда Оксана Чусовитина, Баҳодир Жалолов каби спортчиларимиз шарафига уларнинг мактаблари очилади. Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор барчангизни бугунги айём билан самимий муборакбод этаман!”, – деди Азиз Абдуҳакимов.

Тадбир давомида узоқ йиллар мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи, Олимпизм ғоялари тарғиботида фаолият олиб борган кўплаб инсонларга, спорт федерация ва ассоциацияларига Ўзбекистон МОҚнинг эсдалик совғалари тақдим этилди.

Байрамнинг ажойиб қисмларидан бири оғир атлетика бўйича жаҳон рекордини ўрнатган илк ўзбек полвони, оғир атлетикамиз ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган Эркин ота Каримовни таваллуд айёми билан қутлаш бўлди. Қўмитамиз билан бир кунда таваллуд топган Эркин ота бугун роппа-роса 80 ёшни қарши олдилар. МОҚ ҳамда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси у кишини ушбу муборак ёш билан қутлаб, эсдалик совғаларини топширишди.

Тадбир сўнгида Рустам Шоабдураҳмонов давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлаши остида МОҚ ҳамда Туризм ва спорт вазирлиги Янги Ўзбекистон учун янги ғалабалар тақдим қилиш йўлида биргаликда фаолият олиб боришини таъкидлаб, барчага ўзининг самимий тилакларини йўллади.

Text to speech