Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси 30 ёшда!
1992 йил 21 январь куни ўзбек спорти тарихидаги муҳим воқеликлардан бири - Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ташкил этилган бўлиб, 1993 йилнинг сентябрь ойида Халқаро Олимпия қўмитасининг 101-Сессиясида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан расман тан олинган ва шундан сўнг ташкилот халқаро майдонда фаолият олиб бориш имкониятига эга бўлган. Демак, бугун Қўмитамиз ташкил этилганига роппа роса 30 йил тўлди.
МОҚ бугун мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, олимпизмнинг пок ва эзгу ғояларини илгари суриш йўлида кенг кўламда иш олиб бормоқда. Бундан ташқари, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаб, нуфузли спорт ташкилотлари, қудратли спорт мамлакатлари билан кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйган.
Ортда қолган вақт мобайнида Ўзбекистон мустақил делегация сифатида 7 та қишки ва 7 та ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиб, ортда қолган давр мобайнида атлетларимиз 13 та олтин, 7 та кумуш ва 21 та бронза медалларини қўлга киритишди. Миллий Олимпия қўмитаси халқаро ареналарда, комплекс мусобақаларда терма жамоаларимизнинг муваффақиятли иштирокини таъминлаш йўлида Туризм ва спорт вазирлиги, спорт федерациялари ва ассоциациялари билан ҳамжиҳатликда иш олиб бормоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги байрам муносабати билан спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларимизни, терма жамоаларимизни, олимпиячиларимиз, уларни тарбиялаётган жонкуяр мураббийларимиз ва албатта ўзбек спортининг ашаддий мухлисларини самимий муборакбод этамиз.