Хорижлик мутахассислар билан ишлаш ва уларни рағбатлантириш тизими таҳлил қилинмоқда
Терма жамоамиз эришадиган ютуқларда замонавий методика ва хориж тажрибасидан кенг фойдаланишнинг алоҳида ўрни бор. Бугун МОҚ раҳбарияти федерация ва ассоциацияларимиз мутасаддилари билан Париж-2024 циклида терма жамоамизга жалб қилинадиган хорижлик мутахассислар рўйхатини яна бир кўриб чиқиш ва уларни рағбатлантириш масаласи бўйича онлайн йиғилиш ўтказди. Учрашувни МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Шерзод Ташматов олиб боришди ва кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикрларини билдирилар.
“Терма жамоаларимизга энг муносиб ва энг кучли мутахассисларни жалб қилиш керак. Бу бўйича Бош вазиримизнинг ўзлари топшириқ бердилар. Ҳукуматимиз бизни тўлалигича қўллаб-қувватламоқда. Шундай экан, энг кучли мутахассисларни олиб келайлик. Париж Олимпиадасига тайёргарлик дастурига янги алгоритм киритишимиз керак. Тайёргарлигимиз Токио цикли билан солиштирилади. Ўзини оқламаган методлардан воз кечамиз”, – деди МОҚ раиси.
Йиғилиш давомида жалб этиладиган мутахассислар билан тузиладиган шартнома бандлари, уларни рағбатлантириш тизими ҳақида атрофлича фикрлар билдирилди. Якунда Шерзод Ташматов жалб қилинадиган мутасаддилар бўйича таклифларни яна бир бор чуқур таҳлил қилиб, 1 кун ичида МОҚга тақдим қилишни сўради.