18 Январь 2022
1488
“Классик”ларимиз Янгиободда машғулотларни давом эттиришяпти
Юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси шу кунларда Тошкент вилоятининг тоғли Янгиобод ўқув-машғулот базасида бўлиб турибди.
У ерда кунига икки маҳалдан машғулот ўтказиляпти. Бош мураббий Равшан Рўзиқулов терма жамоамизнинг 2022 йил ҳисобидан илк ўқув-машғулот йиғинига асосий таркиб билан бирга ёш курашчиларни ҳам таклиф этган. Декабрь ойида катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида ўзидан яхши таассурот қолдирган "классиклар" Янгиободдаги машғулотларда иштирок этишяпти.
Ушбу йиғин терма жамоамизга февраль ойида Туркияда ўтказиладиган халқаро рейтинг турнирига тайёргарлик вазифасини ўтаб бермоқда. Истанбул шаҳри мезбонлик қиладиган анъанавий Яшар Догу мусобақаси 24-27 февраль кунларига белгиланган.