Регбичиларимизнинг ҳам янги мавсумга тайёргарлиги қизғин давом этмоқда
Регби-7 бўйича Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоаларимизни ҳам янги мавсумда бир қатор мусобақалар кутиб турибди. Улар орасида март ойида Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўладиган “Asia Rugby Sevens Trophy-2022” халқаро турнири алоҳида аҳамиятли.
Ҳозирда терма жамоаларимиз Тошкент вилоятининг Янгиобод масканидаги Республика ўқув-машғулотлар базасида йиғин олиб бормоқда. Унда терма жамоамиз асосий таркиби учун даъвогар 32 нафар регбичи шуғулланмоқда.
29 январга қадар давом этадиган ушбу йиғин орқали терма жамоамиз мураббийлар штаби янги мавсум учун таркибнинг асосий қисмини саралаб олади. Эслатиб ўтамиз, регбичиларимизни ҳам бу йил Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтадиган катталар ўртасидаги XIX Осиё ўйинлари ва Шантау шаҳри мезбонлик қилувчи ёшлар ўртасидаги III Осиё ўйинлари кутиб турибди.