Спорт журналистикасидаги камчилик ва муаммолар муҳокама қилинди
Бугун МОҚ мажлислар залида “Халқаро мусобақаларга тайёргарликнинг ОАВда ёритилиши: бугунги кун ҳолати ва истиқболлари” мавзусида йиғилиш ўтказилди. Унда спикер сифатида МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Олим Ўсаров, Уюшма қошидаги Ўзбекистон спорт журналистлари кенгаши раҳбари, таниқли журналист Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, МОҚ раиси матбуот котиби, ахборот-сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Зафар Имомхўжаев, “Спорт” телеканали директори Зоҳид Каримов, шунингдек, юртимизда мазкур йўналишда фаолият олиб бораётган журналист ва блогерлар, спорт федерациялари матбуот котиблари иштирок этишди.
Йиғилиш аввалида Ойбек Касимов мавзу юзасидан ўз фикрларини билдириб, учрашувнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
“Спорт журналистларини бир платформада йиғиб, мана шундай тадбир ўтказилиши жуда муҳим воқелик ҳисобланади. Бу олдимизда турган муаммо ва камчиликларни аниқлаш, уларга биргаликда ечим топишда биз учун фойдали. ОАВ ходимларининг йирик спорт мусобақаларини делегациямиз билан бирга ёритиб бориши жуда муҳим. Рио-2016 Олимпия ўйинларида делегациямиз таркибида 4 нафар журналист иштирок этган бўлса, Токио-2020 Олимпиадасида 10 нафар ОАВ вакиллари билан ишладик. Умид қиламизки, келажакда бу борадаги ҳамкорликларимиз янада ортиб, йирик комплекс мусобақаларни ёритишда катта таркибда иштирок этамиз”, – деди Ойбек Касимов.
Учрашув давомида Олим Ўсаров, Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, Зоҳид Каримов, Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати вакили Отабек Эшмаматов, спорт журналисти Камолиддин Алимов соҳадаги камчилик ва муаммолар бўйича ўз фикрларини билдиришди. Шунингдек, МОҚ Халқаро алоқалар департаменти директори Камолиддин Эргашев йирик спорт мусобақаларида ОАВни аккредитациядан ўтказишдаги меъзонлар бўйича маълумот берди.
Тадбир давомида кенгаш фаолиятини тиклаш, уни Халқаро спорт журналистлари ассоциациясига аъзо қилиш, бу орқали йирик комплекс мусобақаларда ўзбекистонлик журналистлар учун аккредитациядан ўтиш жараёнида қулайликлар ва қўшимча имкониятлар яратиш бўйича таклифлар илгари сурилди. Қолаверса, жорий йил якунида, декабрь ойининг учинчи 10 кунлигида кенгашнинг таъсис йиғилишини ўтказиш, унга янги раҳбарият сайлаш бўйича келишиб олинди.
Қизиқарли мулоҳазаларга бой ўтган йиғилишда мусобақаларни ёритишда хусусий сектор ҳиссасини ошириш, спорт атамалари луғатини шакллантириш бўйича қизғин мунозара ўтказилди.