Ру En O'z
19 Август 2021 1898

Токио-2020 Олимпия ўйинлари якуни ва Паралимпия ўйинлари олдидан матбуот анжумани ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Токио-2020 Олимпия ўйинлари якуни ва Паралимпия ўйинлари олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Миллий Паралимпия қўмитаси раисининг ўринбосари Шарифжон Мўминжонов, Токио-2020 олтин медаль соҳиблари Акбар Жўраев (оғир атлетика) ва Улуғбек Рашитов (таэквондо), бронза медали совриндори Давлат Бобонов (дзюдо), Туризм ва спорт вазирлиги, федерация ва ассоциация мутасаддилари, шунингдек, кўплаб ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни Ойбек Касимов ОАВ вакилларига Олимпиадани ёритишдаги жонбозликлари учун ташаккур сўзи билан бошлади.

“Авваламбор, Олимпия ўйинлари мобайнида спортчиларимизнинг иштирокини мунтазам ёритиб борганларингиз учун ташаккур айтиб ўтмоқчиман. Бу Олимпиада биз учун бир қатор жиҳатлари билан ёдимизда қолди. Жумладан, унда иштирок этган спортчиларимизнинг аксариятини ёшлар ташкил этишди. Уларнинг натижаси бизга келгуси Олимпия ўйинларида янада юқори ўринларни эгаллашимизга ишонч бермоқда. Шунингдек, илк бор 17 спорт турида қатнашганимизни, бу спорт турлари географияси ҳар қачонгидан ҳам катта бўлганини, илк бор 30 нафар аёл атлетларимиз Олимпиадада юртимиз шарафини ҳимоя қилганини айтиб ўтиш лозим”, – деди МОҚ Бош котиби.

Тадбирда Шарифжон Мўминжонов Паралимпия ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик, қўлга киритилган йўлланмалар хусусида тўхталди:

“Эртага асосий делегациямиз Токиога йўл олади. Давлатимизнинг эътибори билан ушбу Паралимпия ўйинларига қўлга киритилган йўлланмаларимиз сони рекорд даражага етди. Рио-2016 да 5 та спорт турида иштирок этган бўлсак, бу гал 8 спорт турида, 48 спортчи билан 55 та йўлланмага эга чиқдик. Илк бор пара-таэквондо, пара-академик эшкак эшиш ва пара-каноэ баҳсларида лицензияларни қўлга киритдик. Умид қиламизки, бу гал ҳам билдирилаётган ишончни оқлаб, ёруғ юз билан юртимизга қайтиб келамиз”.

Маҳоратли дзюдочимиз Давлат Бобонов баъзи спортчиларнинг мағлубияти, Олимпиадага тайёргарлик учун яратилган шароитлар хусусида гапириб ўтди.

“3 ой ичида кетма-кет Осиё чемпионати, жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинларида иштирок этдик. Осиё чемпионатида ўз тарихимиздаги энг яхши натижани янгилаганимиздан кейин мухлисларимизнинг бизга ишончи ошганини ҳам ҳис қилдик. Бироқ Олимпиада умуман бошқа даражадаги мусобақа экан. Олимпиадага тайёргарлик жараёнида бизга Вазирлигимиз, Қўмита ва федерациямиз томонидан максимал даражада барча шароитилар яратиб берилди. Беллашувларимиздан аввал Олимпиада ва унинг медали ҳақида ўзимиз керагидан ортиқ ўйлаб юборганимиз, менимча, кўпчиликка панд берди. Бу фақат биз спортчиларнинг хатомиз бўлди”, – деди Олимпиада совриндори.

Шунингдек, матбуот анжумани давомида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Улуғбек Рашитов ва Акбар Жўраевлар сўз олиб, журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди. Қолаверса, мусобақада иштирок этган бошқа вакилларимиз, жумладан, Муаттар Набиева, Оксана Чусовитина кабиларнинг чиқиши, соҳада йўл қўйилган камчилик ва муаммолар, Париж-2024 Олимпиадасига тайёргарлик каби йўналишларда атрофлича мулоҳазалар билдирилди.

Text to speech