Асосий йўналишимиз – соғлом турмуш тарзи тарғиботини янада кучайтириш
Маълумки, 2022 йил спорт оламида кўплаб йирик мусобақалар кутиб турибди. Атлетларимизнинг иштироки ҳақидаги маълумотларни халқимизга тезкор ва ишончли манбалар билан етказиш ОАВ, хусусан, федерация ва ассоциациялар матбуот котиблари олдида турган асосий вазифалардан бири. Шу боис МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов 2022 йил режалари бўйича матбуот котиблари билан йиғилиш ўтказди. Уни Қўмита раиси матбуот котиби, ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Зафар Имомхўжаев олиб борди.
Даставвал “Ippon Media” маркетинг компанияси томонидан 25 та федерация ва ассоциацияларимиз ахборот хизматининг 2021 йилдаги фаолияти юзасидан ўтказилган таҳлилий материали тақдимоти таништирилди. Бу борада компания асосчиси, Халқаро дзюдо федерацияси матбуот хизмати вакили Жаҳонгир Тошпўлатов батафсил маълумот берди. Унга кўра, Ўзбекистон футбол ассоциацияси, шунингдек мамлакат бокс ва дзюдо федерациялари матбуот хизматининг фаолияти юқори баҳоланган.
Шундан сўнг МОҚ раҳбари янги режалар бўйича ўз фикрларини билдирди.
“Бу йил барчамизни катта мусобақалар кутиб турибди. Куни кеча Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов бошчилигида ўтказилган йиғилишда, бу йўналишга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Ҳукуматимиз сизларнинг фаолиятингизни тўлалигича қўллаб-қувватлашга тайёр. Бунинг учун биздан давлатимиз раҳбари талаб этаётган тизимли, тартибли ва темир интизом асосида йўлга қўйилган ишни ташкиллаштириш кутилади. Олдимиздаги катта турнирлар ва уларда спортчиларимиз эришадиган муваффақиятлар орқали юртимиз аҳолиси орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини янада кучайтириш бу йилги режамизнинг асосий йўналиши бўлади. Истардимки, матбуот котиблари иш жараёни давомида фақатгина мусобақаларни ёритиш ва статистик маълумотларни бериш билан чекланиб қолмасдан, ўзларининг танқидий ва таҳлилий мақолалари билан жамоатчилик эътиборини спортдаги муаммоларга қаратса ва уларга ечим топишда бизга камарбаста бўлишса”, – деди МОҚ раҳбари.
Йиғилиш давомида матбуот котибларининг фаолиятини янада кучайтириш учун уларга барча шароитларни яратиб бериш, уларни керакли техникалар билан таъминлаш ва рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш каби мавзуларда атрофлича фикр ва мулоҳазалар билдирилди.