Ру En O'z
12 Январь 2022 1483

Осиё ўйинларидаги ноолимпия спорт турлари вакиллари билан учрашув

Бу йил қитъамиз спортидаги йирик мусобақа, шубҳасиз, Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган XIX Осиё ўйинларидир. МОҚ Туризм ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу йирик комплекс мусобақага ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш бўйича иш олиб бормоқда.

Мусобақа ташкилий қўмитаси Осиё ўйинлари дастурига бир қатор ноолимпия спорт турларини ҳам киритган. Медаллар жамғариш бўйича умумий ҳисобда уларнинг ҳам таъсири бўлгани боис, мазкур терма жамоаларимизнинг ҳам тайёргарлиги алоҳида эътибор талаб қилади. Бугун МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Шерзод Ташматов кураш, жиу-житсу, шахмат, ушу, каратэ федерацияларнинг вакиллари билан учрашиб, яқин режаларни муҳокама қилиб олди.

2018 йил Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида мазкур спорт турлари делегациямиз ҳисобига салмоқли медаллар келтирган бўлиб, умумий ҳисобда кучли бешликдан жой олишимизда ўз ҳиссасини қўшган. Бу йил ҳам ушбу спорт турларидаги вакилларимиздан умид катта.

Йиғилиш давомида МОҚ раҳбари Президентимиз ва ҳукуматимизнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани ҳақида гапирар экан, мазкур йўналишларда терма жамоамиз вакилларининг муносиб тайёрланишида ёрдам беришга тайёр эканини билдирди. Ўз навбатида федерациялар вакиллари йил давомидаги тайёргарлик режаларини МОҚ мутасаддилари билан муҳокама қилиб, биргаликда ишлашга тайёр эканликларини айтиб ўтишди.

Text to speech