Ру En O'z
12 Январь 2022 1824

Танқид нишони остида бу гал енгил атлетика терма жамоаси мураббийлари

Бир неча кун аввал МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов пойтахтимиздаги енгил атлетика марказига ташриф буюриб, у ерда машғулот олиб бораётган спортчиларимиз билан янги мавсум олдидан учрашув ўтказгани ҳақида хабар берган эдик. Бугун МОҚ раҳбари Андрей Абдувалиев бошчилигидаги федерация мутасаддилари ва тренерлар штаби билан олдинда турган режаларни муҳокама қилди.

Рустам Шоабдураҳмонов енгил атлетика марказига ташриф буюрар экан, “Пахтакор” стадиони атрофида узоқ масофага югуриш машқини ўтказаётган дзюдочиларимиз билан қисқа суҳбатлашиб ўтди. Марказда эса енгил атлетикачиларимизнинг машғулотларини кузатди. Шундан сўнг мураббийлар штаби билан йиғилиш ўтказилди.

Маълумки, енгил атлетика соғлом турмуш тарзи тарғиботида энг муҳим спорт тури ҳисобланади. Турли оммавий мусобақаларни ташкил этиш орқали кўплаб инсонларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш мумкин. Рустам Шоабдураҳмонов йиғилиш давомида ушбу жиҳатга ҳам алоҳида эътибор бериб, 2022 йил давомида ўтказиладиган оммавий спорт мусобақаларини кўпайтиришга ҳам аҳамият берди.

Енгил атлетика ўзида 50 га яқин Олимпия йўналишларини мужассамлаштирган. Ўз навбатида, спортчиларни тайёрлашдаги методика ҳам бир-биридан фарқ қилади. МОҚ раҳбари мураббийларнинг ўқув режаси билан танишишни истаганда тренерлар штабининг аксарияти бу борада ҳужжат юритмаслиги кескин танқидга сабаб бўлди. Рустам Шоабдураҳмонов бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун мураббийлар штабини тизимли ва тартибли ишлашга чорлади. Шубҳасиз, учрашувдаги асосий масала атлетларимизни олдинда кутиб турган муҳим стартларга муносиб тайёрлашга аҳамият қаратиш бўлди. Айниқса, Осиё ўйинларида кўпроқ медаллар жамғариш учун спортчиларга зарур шароитлар яратиш асосий мавзуга айланди.

Июль ойида АҚШнинг Южин шаҳрида ўтадиган жаҳон чемпионати асосий атлетларимиз учун Осиё ўйинларидан аввал имкониятларни чамалаб олиш борасида қулай мусобақа бўлади. Йиғилиш якунида атлетларимизни босқичма босқич жаҳон чемпионати ва Осиё ўйинларига тайёрлаш, маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулот йиғинлари режаси атрофлича муҳокама қилиниб, камчиликлар бўйича қўшимча фикрлар билдирилди.

Text to speech