Ру En O'z
11 Январь 2022 1682

Дзюдочилар Тошкент йиғинида янги қоидаларга мослашишмоқда

Пойтахтимизда ўтказилаётган дзюдо бўйича халқаро ўқув-машғулот йиғини кўтаринки руҳда давом этмоқда. Бугун куннинг иккинчи ярмида режага мувофиқ навбатдаги машғулот ўтказилди. Дастлаб чигалёзди машқларидан сўнг спортчилар бир неча бора спарринг баҳсларини ўтказишди. Аҳамиятлиси, бу беллашувлар янги қоидалар асосида бўлиб, дзюдочилар бу орқали янги ўзгаришларга анча мослашиб олишмоқда.

"Йиғин кўтаринки руҳда ўтмоқда. Бунда рақибларимиз билан янги қоидалар асосида баҳслашяпмиз. Янги циклдаги қоидада у қадар катта ўзгаришлар бўлмаса ҳам ўзлаштиришимиз лозим бўлган жиҳатлари бор", - дейди Токио-2020 совриндори Давлат Бобонов.

Эслатиб ўтамиз, ушбу йиғин 25 январга қадар давом этади. “ЖАР” спорт мажмуасида ўтаётган йиғинда Россия, Австрия, Ливан, Қозоғистон, Ҳиндистон, Мўғулистон ва Қирғизистон каби терма жамоа вакиллари ҳамюртларимиз билан янги мавсумга тайёрланишмоқда. Янги мавсумда дзюдочиларни кўплаб Гран-при ва "Катта дубулға" турнирлари, шунингдек, Осиё ўйинлари, қитъа чемпионатлари ҳамда пойтахтимизда ўтадиган жаҳон чемпионати кутиб турибди. Бу орқали меҳмонлар дзюдо оламидаги йилнинг энг муҳим старти олдидан Тошкентдаги шароитлар ва ўзбек дзюдоси билан янада яқиндан танишиб олишлари мумкин бўлади.

Шу тариқа анъанавий тарзда мавсумолди Тошкентда ўтказиладиган йиғин барча жамоалар учун фойдали бўлмоқда.

Text to speech