Ру En O'z
10 Январь 2022 2034

Қор полоси ҳамюртларимизда илиқ таассурот қолдирди

Президентимизнинг "Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-5024 ҳамда "Ўзбекистонда йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва полони 2025 йилгача ривожлантириш давлат дастури тўғрисида"ги ПҚ-5211 сон Қарорларида мазкур йўналишларни оммалаштириш йўлида турли мусобақалар ўтказиш белгиланган. Ана шу вазифаларнинг ижросини амалга ошириш мақсадида Бўстонлиқ туманидаги тоғ ён бағирларида поло бўйича "SNOW POLO AMIRSOY CUP 2022" мусобақаси ўтказилди.

Федерация раиси Баҳромжон Газиевнинг таъкидлашича, бу йилги беллашувлар денгиз сатҳидан 2200 метр баландликда ташкил этилди. Унда "Миллий гвардия", “OFB”, “NRG” ва "От спорти мактаби" жамоалари баҳс олиб боришди.

Финал беллашувида "Миллий гвардия" ҳамда "OFB" жамоалари ўзаро тўқнаш келишди. Қизиқарли кечган беллашувда гвардиячилар 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, бу йилги биринчиликни қўлга киритдилар.
Шу тариқа, бу йилги қор полоси баҳслари ўз якунига етди. Ҳукуматимиз ва ҳамкор ташкилотларнинг қўллаб-қувватлаши билан ўтказилган мусобақа дам олиш учун келган юзлаб ҳамюртларимизда илиқ таассурот қолдирди.

Ўз навбатида, тақдирлаш маросимида қатнашган МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов мусобақа ташкилотчилари ва иштирокчиларга Олимпия ҳаракати аъзолари номидан ўзининг самимий тилакларини билдириб ўтди.

Text to speech