Ру En O'z
11 Январь 2022 1804

МОҚ раҳбари сузиш мураббийларининг фаолиятини танқид қилди

Хабар берганимиздек, айни кунларда сузиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Республика Олимпия захиралари коллежида мавсумдаги илк ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда. Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов сузувчиларимизнинг йиғинига ташриф буюрди.

Машғулот якунлангандан сўнг МОҚ раҳбари спортчи ва мураббийларимиз билан суҳбатлашиб, атлетларимизга яратилган шароит билан яқиндан танишди, уларнинг ижтимоий аҳволи ва муаммоларини ўрганди. Қайд этиш жоиз, Рустам Шоабдураҳмонов мураббийларнинг фаолияти бўйича танқидий фикр билдирди.

Машғулот жараёнида тренерларнинг иш журналидан фойдаланмаслиги, ўқув-машғулот режаси ва дастурлар федерация раҳбарияти ҳамда Олий спорт маҳорат мактаби билан келишилмагани, мураббийлар хонаси керакли жиҳозлар билан таъминланмагани юзасидан кескин фикрлар билдирилди. Ўз навбатида, МОҚ раиси бу каби ҳолатлар қайта такрорланмаслиги бўйича мутасаддиларни қатъий огоҳлантирди.

2022 йил олдинда кутиб турган йирик мусобақаларда сузиш бўйича терма жамоамиз ҳам иштирок этади. Маълумки, ушбу спорт тури йирик комплекс мусобақаларда энг кўп медаль берадиган дастурларга эга. Учрашув якунида Қўмита раҳбари федерация масъулларига спортчиларни тайёрлашда тизимли йўлга қўйилган иш ва темир интизом билан фаолият олиб бориш бўйича кўрсатмалар берди.

Text to speech