МОҚ раиси базалардаги эпидемиологик назоратни кучайтириш бўйича топшириқ берди
Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигида Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар билан жорий йил кутиб турган йирик мусобақаларга тайёргарлик масалалари бўйича онлайн йиғилиш ўтказилди. Учрашувнинг кун тартибидаги асосий масала федерацияларнинг молия ва спорт бўлимлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўлди.
Йиғилишда МОҚ раҳбари бу бўйича батафсил тўхталиб ўтди.
"Қисқа таътилдан сўнг терма жамоаларимиз яна йиғинларни бошлашди. Базаларда қаттиқ назоратни сақлаб туришимиз керак. Токио Олимпиадасида барча спортчиларимизнинг саломатлигини ушлаб тура олдик. Бу йил ўтадиган йирик комплекс мусобақалар ва бошқа чемпионатларда ҳам шундай назоратни қўлдан бой бермаслик лозим. Бунинг учун Президентимиз илгари сураётган тизимли иш ва темир интизомни йўлга қўйиш талаб қилинади. Бугунги мураккаб даврда спортчини тайёрлашда хориж методикаси, турли янгиликларни ўрганишда давом этамиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.
Шунингдек, йиғилиш давомида спортчиларни рағбатлантириш ва уларга тўланадиган стипендиялар тизимини такомиллаштириш, терма жамоаларга жалб этиладиган малакали хорижий мураббийлар бўйича таклифлар тайёрлаш, спортчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, электрон ҳужжат айланмаси билан ишлашни кучайтириш каби мавзуларда атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.