Ру En O'z
4 Январь 2022 2216

Миср 2036 йилги ёзги Олимпия ўйинларига мезбонлик қилмоқчи

Қора қитъанинг тарихий мамлакатларидан бири Миср 2036 йил бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларини ўтказиш ниятида. Бу ҳақида мамлакат спорт вазири Ашраф Собҳи маълум қилган.

Собҳининг таъкидлашича, Миср бу борада Халқаро Олимпия қўмитасига расмий хат жўнатишга тайёр. Қайд этиш жоиз, ХОҚ президенти Томас Бах Африка мамлакатларининг бундай ташаббусларини қўллаб-қувватлаши ҳақида гапириб ўтган. Боиси ҳозиргача фақатгина ушбу қитъа ҳеч қачон Олимпия ўйинларини қабул қилмаган.

Ҳозирда Қоҳирадан 45 км узоқликда “Мисрнинг Халқаро Олимпия шаҳарчаси” номли йирик спорт комплекс қурилиши олиб борилмоқда. У ерда Олимпия шаҳарчаси ва 90 минг ўринли асосий маросимлар ўтказиладиган бош стадион, сузиш ҳавзаси ва теннис кортлари каби спорт иншоотлар қад ростлайди.

Ҳозиргача Мисрдан ташқари Ҳиндистон, Россия, Украина, Туркия, Испания ҳам 2036 йилги Олимпиадани қабул қилиш ниятида эканини билдирган.

Африка давлатлари орасида сўнгги бор Кейптаун 2004 йилги Олимпиадани қабул қилиш учун кураш олиб борган. Маълумки, якунда мезбонлик Афина шаҳрига берилган.

Text to speech